Партия кўмагида 50 га яқин масалага ечим топилди
ЎзЛиДеПнинг "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури доирасида жойларда қатор масалалар ўрганилиб, уларга жойида ечим топишга кўмаклашилмоқда. Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Лойиҳа доирасида Бектемир туманида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда 200 дан зиёд фуқаронинг мурожаати эшитилди ва 50 га яқин масалага ечим топилди.
Аҳоли вакилларининг мурожаатлари қоғозда ёки эътиборсиз қолиб кетмади. 5 нафар ёш иш билан таъминланди, 5 нафар фуқарога дори-дармон олиб берилди, 6 нафар ёлғиз кекса ва боқувчисини йўқотган фуқаро оталиққа олинди. Коммунал соҳадаги муаммолар ҳам жойида ҳал этилди.
Маҳалладаги энг оғриқли масалалардан бири ҳам ўз ечимини топди. Яъни, Нурафшон маҳалласидаги Сомонбозор, 3-тор кўчасининг йиллар давомида таъмирталаб ҳолда турган йўли асфальт қилинди.
Партиянинг ҳаётий ва амалий лойиҳаси доирасида жойларда ҳал этилаётган шу каби кўплаб масалалар аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларни иш билан таъминлаш, ҳудудлар ободлигига эришишга хизмат қилмоқда.
М.Комилова, ЎзА