Паррандачилик етти хазинанинг биридир
Президент топшириқлари амалда
Қадимдан паррандачилик етти хазинанинг бири сифатида эътироф этилиб келинади. Қолаверса, парҳез маҳсулот истеъмол қилган кишининг саломатлиги мустаҳкамланади.
Шу йилнинг 21 январь куни Президентимиз паррандачиликни ривожлантириш ва яйловлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишувда паррандачилик кооперацияси бўйича Наманган вилоятида ҳам яхши тажрибалар борлиги, янги лойиҳалар устида иш олиб бориш ва барча вилоятларда маҳсулот ва иш ўринларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Вилоятнинг Мингбулоқ тумани паррандачилик оммалашган, шунга иқлим шароити мослашган манзилларидан ҳисобланади. Ариқ ва зовурлар каби қулай табиий муҳитга эга бўлган минтақа аҳолисини паррандачиликка жалб этиш орқали даромад манбаларини ошириш мумкин. Меҳнатобод маҳалласида жойлашган “Гулчеҳра Озодбек Абдумутал” оилавий корхонаси ҳам сердаромад йўналиш саналган паррандачилик соҳасида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Тошқинбой Бозорбоев раҳбарлигидаги мазкур корхона айни пайтда 5 минг дона ўрдак боқиб, маҳаллий бозорни парҳезбоп маҳсулотлар билан таъминлашда фаол иштирок этмоқда. Шу орқали маҳалладаги 15 нафар ёш иш билан таъминлаган. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи туман сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида Мингбулоқдаги ўрганишлари чоғида айни шу хўжаликда бўлиб, оилавий корхонанинг ички имкониятлари, ўрдак боқиш жараёнларини кўздан кечирди.

Тадбиркор ўзининг паррандачилик борасидаги тажрибаси ва ютуқлари ҳақида маълумот бериб, корхонани янада тараққий эттириш бўйича режалари билан ўртоқлашди. Ўз навбатида, вилоят раҳбари инсон саломатлиги учун ғоят фойдали бўлган, қолаверса, оилалар рўзғорида ҳалол маҳсулотларни етиштиришга қаратилган фаолиятни юксалтириш учун давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва имкониятлар ҳақида тўхталиб, корхона ишини кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга оид таклифларини берди.
Шу билан бирга мазкур йўналишни оғир тоифадаги маҳаллалар ва ишсиз фуқаролар ўртасида кенгроқ тарғиб этиш зарурлиги қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА