Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг 153-сессиясида Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда
Танзаниянинг Аруша шаҳридаги Халқаро анжуманлар маркази (AICC)да Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Ассамблеясининг 153-сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу нуфузли тадбир Танзания Миллий ассамблеяси (Бунге) мезбонлигида ташкил этилган.
2026 йил 5 - 9 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган анжуманда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатидан 2 мингдан зиёд делегат қатнашмоқда.
Сессияда иштирок этиш учун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги расмий делегация ҳам Танзанияга ташриф буюрган.
Ассамблеянинг бош мавзуси – инклюзивлик, ишонч ва барча учун имкониятлар орқали самарали бошқарувни такомиллаштириш ҳамда жамиятлар имкониятларини кенгайтиришга бағишланган.
Ассамблея доирасида ПИга янги аъзоларни қабул қилиш кутилмоқда. Мазкур сессиянинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири – Парламентлараро иттифоқнинг янги Президентини сайлашдир. Номзодлар қаторидан Озарбайжон, Австралия ва Чили вакиллари жой олган.
Сессия давомида сунъий интеллект, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш каби долзарб глобал масалалар бўйича ишчи гуруҳлар мажлислари ва семинарлар ўтказилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
(Танзания, Аруша шаҳри)