Парламент вакилларига эсдалик нишонлари топширилди
Президентимизнинг шу йил 22 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида самарали меҳнат қилаётган кўплаб юртдошларимизга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов йиғилганларни Мустақиллик байрами ва юксак эътироф билан муборакбод этди, уларга эзгу тилаклар билдирди.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 35 йиллик тараққиёт йўлимизда эришилган барча натижаларни янада кўпайтириш, ислоҳотларга камарбаста бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги қайд этилди.

Тантанали маросимда эсдалик нишонлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Омбудсманлар — Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга, шунингдек, Парламент тадқиқотлари институти раҳбариятига топширилди.
М.Комилова, ЎзА