Паркентда бир кун
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!”
Ўлкамизга бор гўзаллиги билан кириб келган баҳор фаслининг ҳам тенг ярми ортда қолди. Кунлар кунларни шу қадар шиддат билан қувалаб ўтиб бормоқда-ки, назар ташлашга, ҳисоб қилишга улгурмайсиз. Шуни айтсалар керак-да, ўткинчи дунё деб.

Баҳор фаслида ҳар бир вилоятда ўзига хос дам олиш масканлари одамлар билан гавжум бўлади. Жумладан, Тошкент вилоятининг Паркент тумани қир-адирликлари ҳам бундан мустасно эмас. Дам олиш кунлар ана шу масканлар шаҳарликлар билан янада файзли бўлиши эса бор гап. Бугун ички туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижасида юртимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳақиқий дам олиш ва саломатлик марказига айланиб бормоқда.

Якшанба куни шаҳар шовқинидан бироз бўлса-да, холи бўлиш мақсадида опа-сингиллар, жигарлар билан Паркент адирликлари томон йўлга тушдик. Манзил томон кетяпмизу, йўлнинг икки ёқаси бўйлаб қурилган тандирлардан узилаётган сомсаларга навбат катталиги бизни ҳайратга солди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Туризм – бу нафақат даромад манбаи, балки халқимизнинг маданияти, меҳмондўстлигини дунёга кўрсатадиган энг катта имкониятдир”. Шу билан бирга туризм нафақат саёҳат, балки миллий қадриятларимиз ва иқтисодий юксалишимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Паркент адирларидаги гавжумлик эса ички туризмнинг нақадар жонланганидан далолат беради.

Паркент туманининг Сўқоқ қишлоғидаги “Саёҳат” сиҳатгоҳида қўним топдик. Ҳақиқатдан жуда гўзал маскан. Юқоридан бутун манзара кафтдек кўриниб турибди. Эсаётган шабада киши дилини равшан этиб танага ҳузур бахш этади. Узоқ-узоқларда ток новдаларига меҳр бераётган Паркентнинг меҳнаткаш аҳлини кўриб, бу ерда яқин орада янада гўзал манзаралар – ҳосилдор токзорлар дунёга келишини ҳис қиласиз.
Масканда дам олувчилар учун барча шароит мавжуд. Бир томонда ширин суҳбат қураётган яқинлар, дўстлар, бир томонда бутун борлиқни ўзига қаратиб шовқин кўтариб югургилаган болажонлар, кўкдаги турли шаклдаги варракларга ҳавас билан боқаётган кекса отахонлар ва онахонлар. Ўзбегимнинг киши танасига қувват бўлувчи баҳорий миллий таомлари дам олувчиларга мунтазир. Келувчиларнинг аксариятида мадор, кўк сомсага иштиёқи баландлигини тандир атрофидаги гавжумликдан ҳам билса бўлади.

– Бу ерда анча йилдан бери фаолият юритаман. Ҳар йили баҳор келиши билан дам олувчилар сони ортади. Асосан, шанба ва якшанба кунлари дам олувчилар кўпаяди. Иккита тандирда пешма-пеш тўрт юздан зиёд сомса ёпамиз. Ўзлари билан уйга олиб кетувчилар кўпайган пайтда эса ундан ҳам зиёд сомса ёпилади, – дейди сомсапаз Шерзод Холматов.
Юртбошимиз ташаббуси билан Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудлари, хусусан, Паркент тумани “Туризм ҳалқаси”га айлантирилмоқда. Сўқоқдаги ҳар бир тандирдан узилаётган хушбўй сомса ва “Саёҳат” каби масканлар бугунги кунда хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг ёрқин намунасидир. Бу эса ўз навбатида қишлоқ аҳолиси учун янги иш ўринлари демакдир.
Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояси негизида халқимизнинг сифатли ҳордиқ чиқариши ва саломатлигини тиклаш ётади. “Саёҳат” санаторийсидаги замонавий муолажалар юртдошларимизнинг узоқ ва мазмунли умр кўришларига хизмат қилмоқда. “Саёҳат” санаторийси асосан дам олиш ва соғломлаштириш учун мўлжалланган бўлиб, унда 74 ўринли ётоқхона замон талаби асосида жиҳозланган.
Паркентнинг гўзал манзараси, одамлар чеҳрасидаги шодонлик ва кўтаринки кайфият – бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг мевасидир. Президентимизнинг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” даъватига лаббай деб жавоб бераётган юртдошларимизнинг қувончида янги Ўзбекистоннинг баҳорий нафаси сезилиб туради.
Паркентнинг яшил тепаликларида нафас олар экансиз, шундай дориламон кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини кўнгилга туйдик.
Асрор Сулаймонов, ЎзА