Паркент оқшоми бахшилар оҳанги билан файзга тўлди
Халқ достонлари — миллатнинг тарихий хотираси, маънавий қиёфаси ва асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажрибасини ўзида мужассам этган бебаҳо мерос. Улардаги мардлик, жасорат, адолат, вафо ва Ватанга муҳаббат ғоялари авлодларни эзгуликка чорлаб, миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлайди. Паркент туманида ўтказилган "Гўрўғли достони авлодлар овозида" номли бахшилар кечаси ҳам ана шу маънавий қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Республика бахшичилик санъати маркази ҳамкорлигида Паркент туманининг Кумушкон маҳалласида жойлашган “Silver Valley Family Adventures” туризм дам олиш масканида ташкил этилган тадбир халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналаридан бири бўлган бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, уни ёш авлодга етказиш ва устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга хизмат қилди.

Бахшичилик санъати халқимизнинг кўп асрлик тарихи, орзу-интилишлари ва маънавий дунёсини акс эттириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, «Гўрўғли» достонларида мужассам бўлган қаҳрамонлик, жасорат, садоқат ва адолат каби ғоялар бугун ҳам ўз тарбиявий қимматини йўқотмаган. Шу маънода, бундай маданий тадбирлар миллий меросни намойиш этиш билан бирга, ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва маънавий масъулият туйғуларини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, халқ ижодиёти намуналарини асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг мунтазам ўтказиб келинаётгани ҳам мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, бахшичилик мактабларини қўллаб-қувватлаш ва анъанавий ижро санъатининг нуфузини оширишда муҳим ўрин тутади.

Тошкент вилоятида ҳам фольклор-этнографик жамоалар фаолиятини ривожлантириш, миллий қўшиқлар, урф-одатлар ва анъанавий ижро санъатини оммалаштиришга қаратилган ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бекобод туманидаги “Нилуфар” фольклор гуруҳи негизида “Устоз-шогирд” анъаналари асосида фольклор мактабини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзметкомбинат” АЖ томонидан 10 миллиард сўм ҳомийлик маблағи ажратилиши миллий санъатни ривожлантириш ва ёш истеъдодларни камол топтириш учун муҳим имконият яратади.

Бахшилар кечасида ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган таниқли бахшилар миллий достонларимиз ва халқ термаларидан намуналар ижро этди. Жумладан, биринчи кунида “Гўрўғли” достонидан термалар тингланди. Иккинчи кун ҳам эсдақоларли таассуротларга бой бўлди. Қатнашчилар иштирокида белгиланган мавзулар ва саволлар асосида жонли айтишувлар ўтказиб, бадиҳавий термалар ижро этилди. Жараёнлар Республика бахшичилик санъати маркази вакиллари ва профессор-олимлар томонидан баҳоланди.

Якунда Сурхондарё вилояти бахшиси Зиёдулла Аҳмедов биринчи ўринни, Хоразм вилоятидан Расул бахши Абдураҳмонов иккинчи ўрин ва Қорақалпоғистон Республикасидан иштирок этган Улдаулет Сарсенбаева эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича иштирокчилар Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан тақдирланди.

Қадимий достонлар садоси янграган ушбу маданий тадбир миллий маънавий меросимизни асраш, халқ оғзаки ижодига қизиқишни ошириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва бахшичилик санъатининг авлодлар оша давомийлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
А.Мусаев, ЎзА