Париждаги ҳарбий парад Европа ва Украина бирдамлиги рамзига айланди
Франциянинг миллий байрами – Бастилия куни муносабати билан Парижда ўтказилган анъанавий ҳарбий парад бу йил нафақат тарихий сана, балки Украинага қаратилган кучли сиёсий ишорага айланди. Илк бор парадда Европа давлатлари ҳарбийлари билан бир қаторда Украина аскарлари ҳам қатнашди.
Парадни Франция президенти Эммануэль Макрон Украина президенти Владимир Зеленский билан бирга қабул қилди. Тантанали юришда Киевни қўллаб-қувватлаётган “Coalition of the Willing” таркибидаги 500 нафар ҳарбий, шунингдек Украина Қуролли кучларининг 25 нафар вакили иштирок этди.
Макрон ўз нутқида Европа хавфсизлиги ҳақида гапирар экан, “Тинчлик — мақсадимиз, аммо эркинлик ва қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун керак бўлса, қон тўкишга ҳам тайёрмиз”, дея баёнот берди.
Тадбир яна бир муҳим сана – Ницца шаҳрида 2016 йил 14 июл куни содир этилган террорчилик ҳужумининг 10 йиллиги муносабати билан хотира маросими кўринишида давом этди. Ўшанда юк машинаси одамлар устига ҳайдалиб, 86 киши ҳалок бўлган, 400 дан ортиқ инсон жароҳат олган эди.
Бу йилги Бастилия куни Макрон учун ҳам рамзий аҳамиятга эга. Икки муддатлик президентлик ваколати якунига етаётган француз етакчиси мамлакатнинг сўнгги миллий байрам парадини қабул қилди. Экспертлар фикрича, бу йилги тадбир Франциянинг ҳарбий қудратидан кўра, Европа ва Украинанинг бирдамлигига урғу бергани билан тарихда қолиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА