Парижда зафар қучганлар Тошкентда
Хабар берганимиздек, Франциянинг Париж шаҳридаги "Accor Arena" спорт мажмуасида "Катта Дубулға" турнирида дунёнинг энг кўзга кўринган дзюдочилари қатори Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси ҳам медаллар ва рейтинг очколари учун кураш олиб боришди.

Аҳамиятлиси, мазкур нуфузли мусобақада иқтидорли спортчиларимиз Шарофиддин Болтабоев, Токио олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов ва Музаффарбек Тўрабоев ўз вазнларида бронза медали ҳамда 500 рейтинг очкосини қўлга киритишди.
Учта совринли ўринга сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 52 та давлат орасида 10-ўринни эгаллади.

Бугун 9 февраль куни Францияда зафар қучган спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туризм ва спорт ҳамда Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари, мутахассислари ҳамда спортчиларнинг яқинлари иштирокида тантанали кутиб олинди.
ЎзА