Париж саммитидан кейинги баёнотлар
Кеча Парижда Европа хавфсизлиги, Россия ва АҚШ музокараси бўйича ҳамда РФ – Украина можаросини муҳокама қилиш мақсадида фавқулодда йиғилиш ташкил этилди.
Учрашувда Германия, Буюк Британия, Италия, Польша, Испания, Нидерландия ва Дания раҳбарларидан ташқари Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Европа Кенгаши раҳбари Антонио Коста ва НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам қатнашган.
Тадбир якуни бўйича қўшма баёнот имзоланмади, матбуот анжумани ҳам уюштирилмади. Польша Бош вазири Дональд Туск журналистларга айтишича, саммитда Россия – Украина масаласида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
Шундай бўлса-да, барча иштирокчилар кўтарилган масалалар бўйича фикр билдирган.
Урсула фон дер Ляйен: Украина тинчлиги ишончли хавфсизлик билан кафолатланиши лозим
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен йиғиндан сўнг Украинада ўрнатилажак тинчлик ишончли хавфсизлик кафолати билан мустаҳкамланиши шартлигини таъкидлади.
– Биз Парижда Украинанинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилинадиган, ишончли хавфсизлик кафолатига эга тинчликка лойиқ эканини тасдиқладик, – деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. –Европа Украинага кўрсатиладиган ҳарбий ёрдамнинг тўлиқ улушини зиммасига олади. ЕИ ўз мудофаасини кучайтириши керак.
Стармер: Украинани қўллаб-қувватлаш сусайиши – катта хато

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг фикрича, Украина можаросини ҳал қилиш жараёнининг эҳтимолий бошланиши шароитида Киевга йўналтирилаётган ёрдам қисқариши катта хато бўлади:
– Музокара эҳтимоли яқинлиги учун Украинани қўллаб-қувватлашдан чекиниш вақти келди, деб ўйлаш жиддий хато бўларди. Мен ёрдам миқдорини оширишимиз керак, деб ҳисоблайман ва бу фикрни кўп ойдан бери айтиб келяпман. Шунингдек, куч билан тинчликка эришиш тамойилига амал қилиш зарур.
Шольц: ЕИ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши зарур

ЕИ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, Киев бу борада Европага умид қилиши мумкин, деди Германия Канцлери Олаф Шольц Париж саммитини шарҳларкан.
Канцлернинг сўзларига кўра, ушбу анжуман Европа учун қийин вазиятда зарур, тўғри ва норасмий фикр алмашишдир. У кўҳна қитъа давлатлари раҳбарлари Украинани қўллаб-қувватлаган ҳолда, вазиятни қандай ҳал қилишни режалаштираётгани, шунингдек Европа хавфсизлиги масаласини муҳокама қилаётганини таъкидлади:
– Мутлақо тушунарли: биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак. Украина эса бу масалада бизга таяниши ва умид қилиши мумкин.
Кая Каллас: Украина ғарб давлатларидан фақат ҳарбий ёрдам кутяпти

Ўтган йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясида РФ – Украина уруши тўхташидан умидворлик бор эди, ҳозирги кайфият эса бунинг акси, деди Эстониянинг собиқ Бош вазири, ЕИ хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас.
– Украина Ғарб давлатларидан фақат ҳарбий ёрдам сўраяпти, кўп нарса эмас,. – дея таъкидлади у. – Ўтган йил Ғарб Украинанинг қарши ҳужумидан умидвор бўлган, аммо ҳозир вазият аксинча. Шундай бўлса-да, тушкунликка тушишнинг ҳожати йўқ, балки нима қилиш мумкинлигига эътибор қаратиш керак. Ҳолатга ижобий баҳо берсак, жуда кўп давлатлар Украина учун янада кўпроқ иш қилиш кераклигини англаб етишганини кўрамиз. Афсуски, буни тушунмайдиган давлатлар ҳам бор-ки, гарчи омборида Украинага бериши мумкин бўлган қуроллар бўлса ҳам.
Италия Бош вазири саммитдан норози

Италия Бош вазири Жоржа Мелони фикрича, Франция Президенти ташкил этган саммитнинг формуласи нотўғри тузилган.
Унинг сўзларига кўра, барча давлатлар ўз нуқтаи назарини билдириши учун Брюссель қулай эди.
Мелони Америка вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Европага янада кўпроқ мустақиллик бериш зарурлиги ҳақидаги қарашини маъқуллаб, бундай тадбирлар Трампга қарши майдонга айланиб қолмаслиги кераклигини айтган. – Россия – Украина можаросига барҳам бериш масаласида Америка етакчиси билан ҳамкорлик қилиш муҳим, – деган у.
Макрон Трамп ва Зеленский билан гаплашди

Европалик бир неча етакчилар учрашувидан сўнг Трамп ва кейин Зеленский билан гаплашдим, – деб ёзди Макрон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
У европаликлар, америкаликлар ва украиналиклар узоқ муддатли тинчлик учун бирга ҳаракат қилишлари зарурлигини айтди. Шу мақсадда европаликлар суверенитет, хавфсизлик ва рақобатбардошлик бўйича ўз кун тартибини амалга оширишни тезлаштириш истагида эканиини қўшимча қилди.
Слуцкий: Париж саммити муваффақиятсиз тугади

Париждаги саммит Россия – Украина зиддиятидан чиқишнинг ҳақиқий йўлларини таклиф қила олмайди, Франция ва Германия Минск келишуви билан ҳаммани алдаб, ўзларини обрўсизлантиришди, – деди Россия Давлат Думаси Халқаро ишлар қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий.
– Улар музокарада воситачилик ролига даъво қила олмайдилар, – дея қўшимча қилган мулозим идтимоий тармоқда.
С.Раҳимов, ЎзА