"Париж-2024" сари дадил одим
Халқаро таэквондо ассоциацияси "Париж-2024" ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этадиган Гран-при сериясига кирувчи нуфузли мусобақалар бошланиши ҳақида хабар тарқатди.
Унга кўра, жорий йилнинг 3-5 июнь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида, 2-4 сентябрда Франциянинг Париж ва 21-23 октябрь кунлари Англиянинг Манчестер шаҳарларида 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этадиган 2022 йилги Гран-при мусобақалари ўтказилади.
Шунингдек, шу йилнинг 24-27 июнь кунлари Жанубий Кореяда ташкил этиладиган Осиё чемпионати ҳам "Париж-2024" ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Эътиборлиси, ушбу Гран-при мусобақаларида Олимпия рейтингида ўз вазни бўйича юқори ўринларни эгаллаб келаётган спортчиларгина иштирок этиши мумкин. Боиси, мазкур таснифдаги вазн тоифалари Олимпия ўйинларидаги каби шакллантирилган бўлиб, бу 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига қимматли рейтинг очколарни тақдим этади.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси жорий йил аввалида халқаро мусобақалар орқали таэквондочиларимизга юқори даражада рейтинг очколар ишлаб олиш имкониятини яратиш бўйича «йўл харита»сини ишлаб чиққанди.
Шу асосида вакилларимиз Туркия, Эрон каби давлатларда ўтказилган нуфузли мусобақаларда қимматли балларни тўплашди. Натижада Олимпия рейтинги бўйича ўтадиган Гран-прида қатнашиш мумкин бўлган ҳудуддан 8 нафар таэквондочимиз жой олди. "Токио-2020" Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашидов кутилганидек, 68 килограммлилар орасида жаҳоннинг кучли таэквондочиларидан бири сифатида рейтингда етакчи. Шунингдек, 68 кг. вазнда 35-ўринда бораётган Нияз Пулатов, 80 килограммлилар вазнида 6-ўриндаги Никита Рафалович ва 18-ўриндан жой олган Шуҳрат Салаев, +80 кг.да 44-қаторда қайд этилган Шоҳрух Ражабов, қизлар ўртасида Олимпия рейтингида 57 кг. оғирликда 13-поғонани эгаллаб келаётган Чарос Қаюмова, 67 кг.да 14-ўриндаги Феруза Содиқова ва +67 килограммлилар рейтингида 10-ўринни банд этган Светлана Осипова "Париж-2024" йўлидаги курашларга киришишга ҳозирланмоқда.
– Очиғи, аввалги Олимпия ўйинларида бундай даражадаги Гран-при мусобақаларида кам сонли таэквондочиларимиз қатнашишга муяссар бўлган. Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. "Токио-2020"дан кейин айнан шу жиҳатга, яъни Олимпия рейтингида спортчиларимизнинг юқорироқ ўринларни эгаллашига эътибор қаратмоқдамиз. Бу келажакда нафақат "Париж-2024" йўлланмалари сони ва сифати яхшиланишига, балки ҳар бир вазн ҳамда йўналишдаги рақобатчи спортчиларнинг кўпайишига, уларнинг салоҳияти ошишига омил бўлади, – дейди Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов.
Т.Рўзиев, ЎзА