“Париж-2024” бўйича сўров ўтказилди
Франциядаги “Fiducial-Odoxa” ташкилоти “Париж-2024” Олимпия ва Паралимпия ўйинлари юзасидан тадқиқот ўтказди. Сўров натижасига кўра, французларнинг 58 фоизи 2024 йилги ўйинлар давомида хавфсизликка ишончсизлик билдирган. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси тизимидаги “insidethegames” сайти хабар тарқатди.
Тадқиқотчилар фикрича, жамоатчилик ишончсизлигининг сабаби УЕФА Чемпионлар лигаси финалида полиция ва ишқибозлар ўртасидаги муносабатда юзага келган муаммо билан боғлиқ. Ўшанда футбол мухлислари стадиондан ташқарида ҳужум қурбони бўлган. Томошабинлар йўлига полиция томонидан тўсиқ қўйилган, уларга қалампир пуркалган, зўравонлик қилинган. Шундай ҳаракатлар акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқда кенг тарқалган.

Сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи бўлажак Олимпия ўйинлари даврида ўғирликнинг олдини олиш имконсиз бўлиши, 62 фоизи зўравонлик, ирқчилик аломати юзага чиқишидан хавотир билдирган.
Шунингдек, овоз берганларнинг 53 фоизи Олимпия ўйинлари очилиш маросими Сена дарёси бўйида ўтишини хоҳласа-да, бу жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин, деган фикрда.
Т. Рўзиев,
ЎзА