Параосиё ўйинларида вакилларимиз медаллар шодасини тақдим этишда давом этмоқда
Японияда ўтаётган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, медаллар жамғармасини янада бойитмода. Хусусан, пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара велоспорт ва пара пауэрлифтинг баҳсларида ҳамюртларимиз олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
Пара дзюдо баҳсларида Ўзбекистон вакиллари биттадан олтин ҳамда кумуш ва икки бронза медалини жамғарди. Жумладан, эркаклар ўртасида 95 килограммдан юқори вазн тоифасида беллашган Довурхон Кароматов барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди.
Аёллар ўртасида J2 йўналишининг 70 килограммдан юқори вазн тоифасида Моҳинур Пармонова учта ғалаба ва бир мағлубият билан кумуш медалга сазовор бўлди. Шу вазн тоифасидаги яна бир вакилимиз Ҳабиба Жўраева, шунингдек, J1 тоифасида 70 килограммдан юқори вазнда иштирок этган Феруза Эргашева мусобақани бронза медаллари билан якунлади.

Пара пауэрлифтинг майдонида ҳам Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилди. Эркаклар ўртасида 80 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Бекзод Жамилов 229 килограмм тошни муваффақиятли кўтариб, олтин медални қўлга киритди. Ироқ вакили 222 килограмм натижа билан иккинчи, Хитой спортчиси эса 215 килограмм кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллади. Аёллар ўртасида 67 килограмм вазн тоифасида беллашган Рухшона Ўктамова ҳам 127 килограмм натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Пара енгил атлетика мусобақаларида ҳамюртларимиз иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Узунликка сакрашнинг Т13 тоифасида Ботир Муҳаммедов 6,24 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Темурбек Ғиёсов баландликка сакрашнинг Т64 тоифасида 1,86 метр натижа қайд этиб, яна бир бронза медалини Ўзбекистон делегациясига тақдим этди. Аёллар ўртасида диск улоқтиришнинг F56/57 тоифасида қатнашган Моҳигул Шаробиддинова эса 25,12 метр натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
Пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича аёллар ўртасидаги В классида тандем вақт пойгасида иштирок этган Робияхон Тошпўлатова пилот-спортчи Ольга Забелинская билан биргаликда 32:45.82 натижани қайд этди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Шу тариқа, пара дзюдо, пара пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика йўналишларидаги муваффақиятлар Ўзбекистон делегациясининг медаллар жамғармасига яна бир ҳисса бўлиб қўшилди. Ушбу натижалардан сўнг ҳамюртларимиз ҳисобида 21 та олтин, 26 та кумуш ва 23 та бронза, жами 70 та медаль мавжуд. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА