Пара шахматчилар “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” учун баҳслашди
Шахмат ақл-идрок, сабр-тоқат ва матонат синовидир. Сирдарё вилояти Ёшлар марказида бўлиб ўтган пара шахмат бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг вилоят босқичида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин иштирокчи ғолиблик учун қизғин баҳс олиб борди.
Жами 7 турдан иборат мусобақада иштирокчилар ўзларининг ақлий салоҳияти, стратегик фикрлаши, сабр-тоқати ва мустаҳкам иродасини намоён этдилар. Мусобақанинг ҳар бир тури қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Турли ёш вакилларини бир майдонга жамлаган беллашувларда тажриба ва ёшлик шижоати ўзига хос тарзда уйғунлашди.
[gallery-31261]
Ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар якунига кўра, Асилбек Исмоилов биринчи ўринни эгаллаб, мусобақа ғолибига айланди. Мурод Исоқов иккинчи, Актам Жумуқов эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Қизлар ўртасидаги баҳслар ҳам кескин ва муросасиз кечди. Қизғин беллашувлар якунида Дилнура Маруфжонова барча рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллади. Гулсевар Содиқова иккинчи, Нилуфар Султонова эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мусобақанинг ҳар икки йўналишида биринчи ўринни эгаллаган ғолибларга “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” тантанали равишда топширилди. Мусобақанинг икки йўналиши бўйича кучли ўнталикдан жой олган пара шахматчилар эса Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган кейинги босқич мусобақасида иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлдилар.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА