Пахта йиғим теримига пухта ҳозирлик кўрилмоқда
Андижонда пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда.
Андижонда пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда.
Олтинкўл туманида бўлиб ўтган илк йиғилишда туман ҳокими Назиржон Ўринбоев мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар хусусида батафсил маълумот берди.
Жорий йилда Олтинкўл туманида 5 минг 335 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда. 156 та фермер хўжаликлари томонидан давлатга 17 минг 789 тонна пахта топшириш белгиланган. Бундан ташқари, ҳар гектар майдондан 10 центнердан жами 5 минг 335 тонна қўшимча пахта топшириш мақсад қилинган.
Тумандаги мавжуд пахта майдонлари «Сайёра фаввораси плюс» масъулияти чекланган жамиятига берилган. Ушбу кластер корхона томонидан эрта баҳордан фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда пахтадан мўл ҳосил олиш учун белгиланган ишлар, агротехник тадбирлар самарали ташкил этиб келинмоқда. Ғўза минерал ва маҳаллий ўғитлар билан етарли даражада озиқлантирилди.

Пахта ҳосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш учун уй бекалари, уюшмаган ёшлардан иборат 81 та терим отряди шакллантирилди. Отряд сафига 167 нафар теримчи киритилган бўлиб, ҳар бир отрядга ўртача 66 гектардан пахта майдони тўғри келади.
Терилган пахта хом ашёсини пахта қабул қилиш масканларига узлуксиз етказиб бериш мақсадида 120 та транспорт воситаси, 183 та трактор тиркамаси мавсумга шай қилиб қўйилди. Айни кунларда дефолиация ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Маслаҳат йиғилишида соҳа мутахассислари томонидан фермерларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Бир гуруҳ илғор фермерларга эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби учрашув-йиғилишларни вилоятнинг барча туманларида ўтказилиши режалаштирилган.



