“Ўзсувтаъминот” АЖда янги ҳамкорлик битими имзоланди
Айни кунларда Тошкент шаҳрида 3-халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда.
93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмон иштирок этаётган форумда “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Испаниянинг “Almar water solutions” компанияси ўртасида “Асосий шартлар битими” (Head of Terms) имзоланди.
Битимга кўра, лойиҳанинг техник-молиявий таклифи асосий шартларни кўрсатган ҳолда таклифни тақдим этиш, ичимлик ва оқова сувларини тозалаш бўйича шартномани имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш ишларини бошлаш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, “Almar” Испания компанияси иштирокида “Самарқанд шаҳри Ширин шаҳарчасида оқова сув тозалаш иншооти қуриш” лойиҳаси бўйича 2023 йил 24 ноябрь куни меморандум имзоланган.
Меморандумга мувофиқ, сув таъминоти бўйича кунига 70 000 м3 ичимлик сув тозалаш иншооти қуриш, 3,1 км ичимлик сув тармоқлари қуриш ҳамда оқова сув тизими бўйича кунига 100 000 м3 оқова сув тозалаш иншооти қуриш, 19,4 км оқова сув тармоқлари қуриш режалаштирилган.
Натижада эса Ширин шаҳарчасида аҳоли, корхона ва ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланиб, шаҳарнинг санитар-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолати янада яхшиланади.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 16 апрелида “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Дилшод Азимов бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда Испаниянинг "Almar Water Group"компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири