Озодлик деб жондан кечганлар...
Муносабат
Президентимиз томонидан 2024 йилнинг 19 июлида имзоланган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори тарихий воқеа бўлди.
Юрт равнақи, озодлиги йўлида азиз жонидан кечган халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз уларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклаш борасида амалга оширишимиз керак бўлган вазифалар кўп. Уларни рўйобга чиқариш эса, бугунги кун ва келажак ворисларининг эзгу амали бўлмоғи лозим.
Мазкур қарорнинг моҳияти унинг салмоғи ҳақида Навоий давлат педагогика институти тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари номзоди Хуршид Қурбонов қуйидагиларни баён қилди.
– Ушбу қарор мустабид замонда қатағон қилинган 1000 дан зиёд оилаларнинг авлодлари қалбида янгича бир машъала ёқди, десак хато бўлмайди. Қарор кўзланган мақсад кенг қамровли бўлиб, асосийлардан бири тарихининг номаълум саҳифаларини тиклаш ва ўрганиш, ёш авлодни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.

ХХ асрнинг 20-йиллари охиридан бошланган “коллективлаштириш” сиёсати, бу билан бир вақтда ўтказилган “қулоқ” тамғаси остида халқларни “кўчириш” амалиёти, “депортациялар”, 1937-1938 йиллардаги сиёсий жараён, Иккинчи жаҳон уруши даври ҳамда 60-80 йиллардаги муросасиз сиёсат ўзбек миллатининг қадри топталган давр сифатида тарихда қолди.
“Қатағон” бу ўн ёки юз киши билан содир бўлган фожиа эмас, бу бутун бир миллат, юз минглаб халқнинг бошига зўравонлик, туҳмат, адолатсизлик, ва ноҳақликлар оқибатида элнинг асл ватанпарвар фарзандларини, зиёлиларини бадном қилишдир.
“Мустабид тузум” сиёсати туфайли қанчадан қанча ёшларимиз, ҳатто, айби тўла исботланмасдан, аввал отилиб, ўлимидан сўнг ҳукм эълон қилинган зиёлиларимизнинг аянчли тақдири кўплаб тарихий манбаларда ўз аксини топган. Бу аччиқ ҳақиқат ҳар бир ватанпарвар инсоннинг қалбини ўртайди, тинчлик ва мустақилликнинг қадрини янада оширади. Вақт ўтиб қанча авлод алмашмасин халқимизга нисбатан қилинган жабр-ситамлар юки ўзининг залворини йўқотган эмас.

Халқимизнинг юрагида турган оғир юкни енгиллатиш, унинг дардига малҳам бўлиш, инсон, унинг қадр-қиммати энг улуғ қадрият эканлигини ҳаётда амалий ифодалаш йўлида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштиришган доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон эса халқимиз кутган эзгу ғоянинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур фармон туфайли “Қатағон қурбонлари”нинг номлари оқланишига яна бир бор замин яратилди. Қатағон бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади.
Қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, тарихий манбалар ва ноёб суратларни тўплаш ишлари жадаллаштирилади. “Қатағон қурбонлари” хотира китобларини чоп этиш ва “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш ишлари давом эттирилиши, айниқса, маҳаллий, республика ва чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликда илмий экспедициялар ташкил қилиниши – Инсон қадри ва шаънининг қадрланиши ва эътироф этилиши билан белгиланади.

“Тарихий хотира, маънавий ва руҳий тарбия – Янги Ўзбекистон пойдевори” шиори остида барча туман, шаҳар ва маҳаллалар, ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий, тарғибот тадбирлари асосида “Уч авлод учрашувлари”ни мунтазам ташкил қилиш йўлга қўйилди. Аҳоли, айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи боболаримиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар Навоий вилояти илмий-ишчи гуруҳи томонидан 1917-1924, 1930-1938, 1983-1986 йиллар оралиғида амалга оширилган қатағонларда Навоий вилоятининг Кармана, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех туманларидан 4000 нафардан ортиқ юртдошларимизни номма-ном аниқлашга муваффақ бўлинди. Маҳалла ва мактабларда “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари”ни ташкил қилиниши, улар яшаган хонадонларда эсдалик лавҳаларининг ўрнатилиши ҳақиқий юрт фидойиларининг жасоратларини халқимизга намоён қилиниши ёшлар тарбиясида катта аҳамият касб этмоқда.
Тадқиқотчилар учун қувончли ва муҳим бўлган янгиликлар бири, шу вақтга қадар “ўта махфийлик” тамғаси билан архивларда сақланаётган ҳужжатлардан кенг фойдаланиш имкониятининг яратилиши тадқиқотларнинг илмийликка асосланишида муҳим омил бўлади.
Умуман олганда қабул қилинган қарор тарих, миллий тараққиёт, тарихий адолат тикланишининг янги босқичга ўтишда алоҳида бир қадам бўлади. Бу бевосита халқимиз тафаккури, дунёқараши ва тараққиёт сари янгича руҳда ҳаёт кечираётганидан далолатдир.
Суҳбатни Абдували Бўриев ёзиб олди.
ЎзА.