Озодбек НАЗАРБЕКОВ: Миллий мусиқа асбобларимизнинг нота тизимларини яратиш чоралари кўрилмоқда
“Миллий тикланиш” ДП фракциясида янги таркибдаги Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш масалалари муҳокама қилинди.
“Миллий тикланиш” ДП фракциясида янги таркибдаги Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишни партия фракцияси раҳбари Алишер Қодиров олиб борди. Унда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига кўрсатилган номзодларни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар депутатлар томонидан тасдиқланади.
Йиғилишда дастлаб, фракция аъзолари номзодларнинг истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини эшитди.
Депутатлар кўрсатилган номзодларга партия сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Маданият вазирлигига номзод О.Назарбековга миллий мусиқа санъатимизни ривожлантиришнинг муаммолари, жумладан, миллий мусиқа асбобларимизнинг нота тизимлари мавжуд эмаслиги, бу ўз ўрнида саньат фақатгина устоз-шогирд муносабатлари ва қулоқдан-қулоққа кўчиб юрганлигини муаммо сифатида кўрсатиб, ечимлари ҳақида фикрларини сўради.
– Миллий мусиқа асбобларимизнинг нота тизимларини яратиш чоралари кўрилмоқда Мақом санъати бўйича илм қилинмагани бор гап. Мукаммал ўқув дастурлари, услубий қўлланмалар тайёрланмаган. Шу сабабли Мақом академиясини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу борада Президент қарори тайёрланмоқда, – деди О.Назарбеков.
Энергетика вазирлигига номзод А.Султоновдан аҳолини газ, электр ва сув билан таъминлашдаги муаммолар, уларни ечимлари бўйича режалари сўралди. Газ, электр ва сувдан ноқонуний қурилмалар орқали фойдаланганлик бўйича қонунчиликдаги жазони кучайтириш кераклиги таъкидланди.
Депутатлар аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда муаммолар борлиги, у вақтида етказиб берилмаётганини танқид қилди. Хориж тажрибасидан фойдаланган ҳолда жойига бориб газ баллонларни суюлтирилган газ билан тўлдириб бериш таклифи илгари сурилди.
Умуман олганда фракция томонидан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига кўрсатилган номзодлар маъқулланди ва ҳар бир номзоднинг ҳаракатлар режасида кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси юзасидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси фаол депутатлик ва парламент назоратини ўрнатишини билдирилди.