"Ўзмиллийбанк"АЖ: яхши дам меҳнатга ҳамдам
Театр шунчаки оддий томоша эмас, тарбия, маънавият, маърифат маскани. У томошабинни ўзига ўзи четдан, ташқаридан назар солишга, хатти-ҳаракатларини қайта таҳлил ва идрок этишга ундайди. Қолаверса, инсоннинг юксак маънавиятли, теран тафаккур ва мустақил фикрга эга бўлишида театр санъатининг ўрни беқиёс.
"Ўзмиллийбанк"АЖ ҳам ходимларнинг дам олиш кунларини мазмунли ташкил этиш мақсадида пойтахтимиздаги бир қатор театрлар билан ҳамкорлик қилиб қилиб келмоқда. Эндиликда аксарият банк ходимлари дам олиш кунларининг маълум бир қисмини шаҳримиздаги театр намойишларида ўтказишади.

Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида намойиш этилган “Ақлдан озиш ҳеч гапмас” номли мусиқали комедия ҳам банк ходимларига жуда манзур бўлди. Ш.Маҳкамов асарига мансуб комедияни режиссёр Б.Назаров саҳналаштирган. Куй ва қўшиқларни О.Комилжонов басталаган.

Спектаклда асосий ғоя бугуннинг долзарб мавзуси бўлган бойликка ўчликнинг оқибати, яхшиликнинг жавоби ва одамийликнинг юксаклигини кўрсатишга хизмат қилади. Асар қаҳрамони пул топиш мақсадида турмуш ўртоғининг энг қадрли буюмидан фойдаланишни ўйлайди ва натижада яқин танишлари, қўни-қўшнилари, дўстлари олдида бебурд бўлиб қолади. Қолаверса, уларнинг ўзаро бир-бирлари билан зиддиятли муносабатларига сабабчи бўлади. Спектакль қаҳрамони ўз хатосини тушуниб етади ва атрофдагилардан узр сўрайди. Энг асосийси, унга ҳар доим суянч бўлган турмуш ўртоғига миннатдорлик билдиради.

Таъкидлаш жоиз банк ходимлари оила аъзолари билан биргаликда спектаклни зўр қизиқиш билан томоша қилди. Профессионал актёрларнинг юксак маҳорати ва асар ғоясига мос ижро барчада илиқ таассурот уйғотди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимларининг маънавий озуқа олишларига янада кенг қулайлик яратиш мақсадида театрлар билан ҳамкорликни давом эттиради.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати