“Ўзкимёсаноат”да инвестиция дастури 105 фоизга бажарилди
Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Инвестиция дастури доирасида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилди.
Бу даврда тармоқни модернизация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Ҳисобот даврида жами 283,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, инвестиция дастурида белгиланган кўрсаткичлар 105 фоизга бажарилди. Шундан 278,2 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 5 миллион доллари эса давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобига жалб қилинди.
Шунингдек, ярим йил давомида умумий қиймати 14,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 3 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Натижада йиллик 177 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари яратилди ҳамда 147 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА