Озиқ - овқат ярмаркалари арзон ва сифатли
Бухоро вилоятида 2-сектор ташаббуси билан арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди.
Тасдиқланган режага асосан, Шофиркон, Қоракўл, Олот, Жондор, Ромитан, Вобкент, Пешку туманларида жами 17 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ярмаркалар ўтказилади.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Қоровулбозор тумани аҳолиси учун "Имом ал-Бухорий" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ярмарка "Нефтчилар" шаҳарчасидаги "Деҳқон бозори" ҳудудида бўлиб ўтди.

– Арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасидан маҳсулотларни харид қилдим, – дейди завод ходими Ойхон Мардонова. – Маҳсулотлар ҳам арзон, ҳам сифатли.

Савдо ярмаркасида ҳудудий таъминот корхоналари ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан қорамол гўшти, тухум, шакар, асал, сут маҳсулотлари шунингдек, картошка, пиёз, помидор, ўсимлик ва пахта ёғи ҳамда ун маҳсулотлари сотилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА