Озиқ-овқат хавфсизлиги: 60 тоннадан ортиқ ноқонуний импорт тўхтатилди
Инспекторлар Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилаётган хавфли маҳсулотлар импортининг олдини олди. Бу юклар қандай хавфларни яширарди?
Бозорларимизнинг тўкин-сочинлиги халқ фаровонлигини ифода этади. Шу боис озиқ-овқат йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, мамлакатнинг озиқ-овқат барқарорлигига хавф солаётганлар ҳам учраб турибди. Гап шундаки, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги инспекторлари томонидан маҳсулотларнинг ноқонуний импорти олди олинди. Фитосанитария назоратидан ўтмаган юклар орқали Ўзбекистонга ўсимликларнинг хавфли зарарли организмлари кириб келишининг олди олинди.
Жумладан, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси инспекторлари томонидан чегара масканларида навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.
Пойтахтдаги улгуржи савдо марказига келган 2 та транспорт воситасида 39 тоннадан ортиқ мандарин борлиги аниқланган. Ўтказилган суриштирув натижасида маҳсулотларнинг хавфсизлигини тасдиқловчи фитосанитария сертификати ҳамда истеъмолга яроқлилиги тўғрисида экспертиза хулосаси мавжуд бўлмагани маълум бўлган.
Шунингдек, Тошкент вилояти “Нажимов” чегара масканида навбатдаги карантин кўриги давомида Хитойдан мевалар олиб келаётган юк машинаси кўздан кечирилди. Дастлабки бирламчи фитосанитария кўриги давомида инспекторда шубҳа пайдо бўлгани сабабли транспорт воситасини тушириш ва маҳсулотларни иккиламчи кўрикдан ўтказиш белгиланди. Иккиламчи кўрик натижасида фитосанитария сертификатида кўрсатилмаган 14 турдаги маҳсулотлар борлиги аниқланди.
Карантин кўриги давомида юк машинасида фитосанитария сертификатда кўрсатилмаган мандарин, ананас, авокадо, апельсин, узум, папая, маракуя, физалис ва бошқа мева маҳсулотлари мавжуд бўлган. Аниқланган маҳсулотларнинг умумий миқдори 22,5 тоннадан зиёдни ташкил этди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда маҳсулотларни вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда уларни қайтариб юбориш тўғрисида далолатномалар расмийлаштирилди. Айни вақтда Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
Анвар Аҳмедов (видео),
ЎзА