Ўзгаришлардан илҳом олаётган устозлар
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувчилар ҳақиқий фидокор, энг камтарин инсонлар эканига ҳар гал такрор-такрор ишонч ҳосил қиламиз. Ёнгинамда камсуқумгина тадбирни кузатиб ўтирган инсон билан икки оғиз суҳбатлашиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Бургут оға Пиязов Нукусдаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. У йигирма йилдан ортиқ мусиқа таълими соҳасида иш тажрибасига эга. Суҳбатдошимдан сўнгги тўрт-беш йиллар давомида мамлакатимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар кўпроқ нималарда намоён бўлишини сўрадик.
–- Ўзгаришлар барча соҳаларда кўзга яққол ташланмоқда, – деди Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Бургут Пиязов. – Болаларнинг таълим олишга бўлган иштиёқи ортди. Бу, айниқса, ўғил-қизларнинг санъатга меҳрида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Мақом, бахшичилик санъати ривожланмоқда. Ёшларнинг китобга бўлган меҳри ортди. Ўқувчиларимдан Муҳаммад Тўрабеков, Шероз Турсунбоев кабилар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшлар учун таъсис этилган "Ниҳол" мукофотига лойиқ топилди. Шахсан ўзим таълим берган кўплаб ўқувчилар Ўзбекистон давлат консерваториясининг, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиаллари талабаси бўлишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўғлим Женисбек Пиязовга "Ўзбекистон халқ артисти" унвонини фахр билан топширди. Нукус шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғоят катта кўтаринкилик билан нишонланди. Унда яна бир фарзандим Жонибек Пиязов Гран-прини қўлга киритди.
Энг асосийси, мамлакатимизда кечаётган буюк ўзгаришлар одамларнинг онгу тафаккурида яққол рўй бермоқда. Буларнинг бари янада катта куч, илҳом, изланиш, шукроналик билан меҳнат қилишга чорлайди.
Назокат Усмонова,
ЎзА