“Ўзэнергоинспекция”: ноқонуний ҳолатлар туфайли энергетика тизимига яна 4 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилди
Энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, соҳада тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида республика ҳудудларида тизимли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш, иқтисодий зарар келтирувчи қоидабузарликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай назорат тадбирлари доирасида сўнгги кунларда Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида қатор қоидабузарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, соҳада қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда мунтазам назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Зарафшон шаҳрида ўтказилган навбатдаги назорат тадбири давомида “S.E.P.C.Z.” масъулияти чекланган жамиятига тегишли электр қурилмаларида реактив қувватни компенсация қилиш бўйича зарур ишлар ташкил этилмагани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишга олиб келган. Амалдаги тартибларга мувофиқ, қоидабузарлик юзасидан қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, натижада корхонага нисбатан 1,8 миллиард сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Наврўз Норбобоевнинг таъкидлашича, реактив қувватни компенсация қилиш бўйича белгиланган талабларни бузиш ёки уларга риоя этмаслик электр энергиясининг исроф бўлишига сабаб бўлади. Шу боис, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай ҳолатларда исроф қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима белгиланган.
– Шунингдек, инспекциянинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбири давомида Бухоро шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Е. М. га қарашли паррандачилик фермасининг ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланган. Ушбу қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 201,3 миллион сўм миқдорида зарар етказилган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида ҳам йирик қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Жумладан, ўтказилган назорат тадбири давомида Янгиер шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Г. С. га қарашли бинода ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлган. Мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2 миллиард 49 миллион сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, – деди Н.Норбобоев.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА