Ўзбекистоннинг Сербия билан муносабати мустаҳкамлангани Европа билан ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга янги мазмун бахш этди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова шу ҳақда муносабат билдирди:
– Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари янада кучайди. Стратегик шериклик – бу шунчаки дипломатик ибора эмас, балки икки давлат бир-бирини ишончли ҳамкор сифатида кўраётгани, узоқ муддатли мақсадлар асосида ҳаракат қилишга тайёр эканини англатади.
Бугун биз Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги очиқлик ва фаолликнинг амалий натижаларини кўряпмиз. Мамлакатимиз дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар билан ўзаро ҳурмат ва манфаат асосида муносабатларни мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу муносабатлар фақат учрашувлар ва музокаралар даражасида қолиб кетмаяпти, балки конкрет келишувлар ва қўшма лойиҳалар билан бойиб бормоқда.
Ҳар қандай халқаро келишувнинг энг катта қиймати унинг оддий инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилиши билан белгиланади. Янги корхоналар ташкил этилса, инвестициялар кирса, янги иш ўринлари пайдо бўлса, тадбиркорларимиз учун янги бозорлар очилса – ана шунда ҳамкорликнинг ҳақиқий самарасини ҳис қиламиз.
2026 - 2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилингани ҳам жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Бу ҳужжат муносабатларни аниқ мақсад ва вазифалар асосида ривожлантириш учун ўзига хос йўл харитаси бўлиб хизмат қилади. Энди биз учун энг муҳими – белгиланган вазифаларни қоғозда қолдирмасдан, уларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш.
Яна бир жиҳат борки, Белграддаги кўчалардан бирига “Тошкент” номи берилиши жуда чиройли ва мазмунли қадам. Баъзан халқлар ўртасидаги муносабатларни катта сиёсий ҳужжатлардан кўра шундай самимий рамзлар яққолроқ ифодалайди. Тошкент номининг Сербия пойтахтида пайдо бўлиши халқларимиз ўртасидаги дўстликка бўлган ҳурматнинг ёрқин белгиси, деб ўйлайман.
Президентимизга Сербия Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири топширилгани ҳам эътиборга молик воқеа, десак асло муболаға бўлмайди. Бу мукофотни икки давлат ўртасидаги муносабатларга, шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчликсевар, очиқ ва конструктив ташқи сиёсатига билдирилган юксак эҳтиромдир.
Бугунги мураккаб халқаро вазиятда мамлакатимиз ташқи сиёсатда ўз миллий манфаатларига таянган ҳолда барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантираётгани жуда муҳим. Бу ёндашув Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш билан бирга, мамлакатимиз учун янги иқтисодий ва сиёсий имкониятларни ҳам очиб бермоқда.
Сербия билан муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши Европа билан ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли. Менимча, бу икки давлатнинг бир-бирига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.
Умуман олганда, мен бу ташрифни икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очган муҳим қадам, деб ҳисоблайман. Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг дунёдаги ишончли ҳамкори сифатидаги мавқеи тобора мустаҳкамланмоқда.
Ишонаманки, эришилган келишувлар эртага янги корхоналар, янги инвестициялар, янги иш ўринлари ва, энг муҳими, халқларимиз учун янги имкониятлар кўринишида ўз самарасини беради. Менимча, стратегик шерикликнинг энг катта аҳамияти ҳам шунда.
Н.Абдураимова, ЎзА