Ўзбекистоннинг Европа бозоридаги иштироки кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Францияга давлат ташрифи жаҳон ҳамжамияти эътибори марказида бўлиб турибди. Марказий Осиёнинг Европа билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилаётган мазкур ташриф сиёсат, иқтисодиёт, фан-таълим ва маданият соҳаларида янги марраларни белгилаб бермоқда.
Халқаро ташкилотлар раҳбарлари давлатимиз раҳбарининг сиёсатини олқишламоқда. Жумладан, Бельгиянинг “Travel Tomorrow” компанияси бош директори ва асосчиси Антонио Бускардини 10 март куни Париж шаҳрида бўлиб ўтган ва мамлакатларимиз ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим воқеага айланган Ўзбекистон-Франция туризм форумида иштирок этганини мамнуният билан қайд этди.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифи Ўзбекистон билан Франция ўртасида нафақат сиёсий-иқтисодий, балки туризм, маданият, бизнес соҳаларида ҳам стратегик шериклик мустаҳкамланиб бораётганидан далолат, — дейди мутахассис. — Брюсселда ҳам туризм ва сармояга бағишланган форум ўтказилишидан умидвормиз. Зеро, бундай тадбирлар Ўзбекистоннинг кўҳна қитъа бозоридаги иштирокини кенгайтириш, асосий манфаатдор томонларни жалб қилиш ҳамда Европа институтлари ва бизнес субъектлари билан янги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай майдонга айланиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, туризм юртимиз иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бундай анжуманлар мамлакатимизнинг ноёб, диққатга сазовор жойларини тарғиб қилиш, янги сармоявий шерикларни жалб қилиш учун адойиб имкониятдир.
Жаноб Бускардини сўнгги йилларда Франциянинг энг йирик телевизион тармоғи "TV5-Monde" учун олтита ҳужжатли фильм суратга олиш орқали Ўзбекистон ва Франция алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган. Бу картиналар республикамизни француз тилида сўзлашадиганлар ўртасида танитишга хизмат қилади, диёримизнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва фаол туризм соҳасини кенг тарғиб этади.
Компания раҳбари эътироф этишича, давлатимиз 2024 йил рекорд даражадаги 10 миллион халқаро сайёҳ қабул қилди. Бу ҳолат мамлакатнинг ўзига хос жаҳон сайёҳлик йўналиши сифатидаги жозибадорлигини намойиш этди.
— Ўзбекистон туризмни ривожлантиришдан ташқари, меҳмонхона сектори, инфратузилма ва барқарор сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш учун Франция инвестициясини фаол равишда жалб қиляпти, — дея қўшимча қилди у. — Франция бизнеси ва сайёҳлик компаниялари билан алоқани мустаҳкамлаш юқори сифатли туризм хизматини кенгайтириш ҳамда кўплаб юртлардан сайёҳларнинг янги тўлқинини жалб этишда асосий омил бўлмоқда.
Б.Худойбердиев,
ЎзА