Ўзбекистонлик ёшлар учун АҚШда таълим олиш имкониятлари янада кенгаяди
Ўзбекистонда таълим инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир.
Бу йўналишдаги мақсадларни амалга оширишда “Эл-юрт умиди” жамғармаси барча имкониятлардан фойдаланмоқда.
Биргина АҚШ билан ҳамкорлик натижасида 2018 - 2026 йилларда жамғарманинг қарийб 460 нафар стипендиати АҚШ университетларида таҳсил олишни танлади. Уларнинг таълимига йўналтирилган инвестициялар ҳажми қарийб 50 миллион долларга етди.

2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари доирасида Нью-Йорк шаҳрида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори, профессор Гулноза Исмоилова Халқаро таълим институти (IIE) раҳбарияти билан музокаралар ўтказган. Унда ўзбекистонлик талабалар учун имкониятларни кенгайтириш, халқаро танлов стандартларини жорий этиш, амалиёт дастурлари ва академик тармоқларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
АҚШ Давлат департаменти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва IIE ўртасида “Fulbright Foreign Student Program” бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолангани юқоридаги саъй-ҳаракатлар натижаси.
Ҳужжат ўзбекистонлик иштирокчилар учун “Fulbright” дастурларини биргаликда амалга ошириш, таълимни молиялаштириш, академик ҳаракатчанликни ривожлантириш ва стипендиатларни қўллаб-қувватлашнинг халқаро механизмларини жорий этишни назарда тутади.
Жамғарма ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида “EducationUSA” расмий маслаҳат марказини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Марказ ўзбекистонлик ёшларга АҚШ университетларига қабул, таълим дастурлари, грантлар ва академик имкониятлар ҳақида профессионал маслаҳатлар беришга хизмат қилади.
Мазкур келишувлар Ўзбекистон - АҚШ ҳамкорлиги таълим, илм-фан, инновациялар ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
Н.Абдураимова, ЎзА