Ўзбекистонлик олима халқаро танловда олтин медални қўлга киритди
Мамлакатимизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, олимларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишланмаларини халқаро майдонда намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Наманган давлат техника университети профессори Озода Абдуллаева Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган “Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси” — KIWIE-2026 халқаро танловида муваффақиятли иштирок этди.

Танловнинг расмий натижаларига кўра, олима томонидан тақдим этилган “Motocognition” инновацион ишланмаси олтин медаль билан тақдирланди.
Озода Абдуллаеванинг олтин медални қўлга киритиши унинг илмий ва инновацион фаолиятидаги муҳим натижалардан бири бўлди. Шунингдек, ушбу ютуқ Наманган давлат техника университетида илмий изланишлар ва инновацион ишланмалар йўналишида олиб борилаётган ишларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганини кўрсатади.
KIWIE хотин-қизларнинг илмий-техник ва инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги ишланмаларини халқаро майдонда намойиш этиш учун муҳим платформалардан бири ҳисобланади.

Бундай халқаро танловларда ўзбекистонлик олимларнинг муносиб иштирок этиши мамлакатимизда илм-фан ва инновациялар соҳасида яратилаётган имкониятларнинг амалий натижаларини намоён этиш билан бирга, ёшларни илмий изланишларга жалб этишга ҳам хизмат қилади.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА