Ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун Германия меҳнат бозорига йўл очилмоқда
Тошкентда ўзбекистонлик ҳайдовчиларни Германия меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш ва ишга жўнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқотда ҳайдовчиларни тайёрлаш билан бирга, ҳамширалик ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, автобус ва юк машинаси ҳайдовчиларини Германияга ишга тайёрлаш лойиҳаси 2025 йил январь ойида бошланган бўлиб, 85 нафар ҳайдовчи Германияга ишга юборилган.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида Ўзбекистонга иккита замонавий автобус симулятори, 85 та планшет ва ўқув адабиётлари олиб келинган. Касбий қайта тайёрлаш 20 соатлик симулятор машғулотлари, “Ватанпарвар” базасидаги 20 соатлик амалий тайёргарлик ҳамда масофавий назарий таълимни қамраб олади. Номзодлардан немис тилини белгиланган даражада билиш ва тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.

Шунингдек, иш берувчилар томонидан яна 77 нафар номзод танлаб олинган. 25 сентябрь ҳолатига кўра, уларнинг 37 нафари Германияда ишлаш рухсатномаси ва визани расмийлаштириш жараёнида. Қолган 40 нафар номзод эса икки ҳафталик симулятор машғулотларида қатнашмоқда.
Учрашувда ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам йўлга қўйиш, қўшимча симуляторлар олиб келиш, “SBH WEST”нинг Ўзбекистонда ваколатхонасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Ҳамкорлик доирасида ҳамширалик ва ҳунармандчилик соҳаларида кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА