Ўзбекистонлик Дилшод Нарзиллаев халқаро виолончелчилар танловининг расмий лауреати сифатида эътироф этилди (+видео)
Жорий йилнинг 1 май кунидан 31 май кунига қадар Брюссел шаҳрида дунёнинг энг нуфузли мусиқий танловларидан бири саналган Queen Elisabeth Competition халқаро виолончелчилар танлови бўлиб ўтди.
Танловда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан жами 185 нафар ёш виолончел ижрочиси ариза топширган. Саралаш босқичи натижаларига кўра, уларнинг 64 нафари танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кейинги босқичларда рақобат янада кучайиб, иккинчи турга 24 нафар иштирокчи саралаб олинди. Финал босқичига эса энг юқори натижа кўрсатган 12 нафар виолончел ижрочиси йўл олди.
Қувонарлиси, мазкур нуфузли танловда Россия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Канада, АҚШ, Италия, Испания ва Япония каби мамлакатлардан ташриф буюрган кучли иштирокчилар билан бир қаторда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган истеъдодли мусиқачи, Тошкент шаҳридаги Р.М.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг собиқ ўқувчиси Дилшод Нарзиллаев ҳам финалчилар сафидан ўрин олди ҳамда Queen Elisabeth Competition халқаро виолончелчилар танловининг расмий лауреати сифатида эътироф этилди.
Бу эътироф Ўзбекистоннинг бой мусиқий анъаналари ва истеъдодли ёшлари жаҳон саҳналарида муносиб ўрин эгаллаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Финал босқичи давомида у ўзининг юксак ижрочилик маҳорати, чуқур мусиқий тафаккури ва профессионал тайёргарлиги билан жаҳоннинг энг кучли ёш виолончел ижрочилари қаторида муносиб ўрин эгаллади.
Финал босқичи жуда юқори рақобат билан ўтди. Унинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати ва мусиқа ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланди.
Маълумот ўрнида, Дилшод Нарзиллаев — халқаро майдонда тан олинган ўзбекистонлик виолончел ижрочиси, кўплаб нуфузли халқаро танловлар лауреати ва мамлакатимиз мусиқа санъатининг ёрқин намояндаларидан бири. У мусиқий таълимни Тошкент шаҳридаги Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида Жаҳонгир Ибрагимов синфида бошлаган. Кейинчалик АҚШдаги Park University қошидаги International Center for Music муассасасида таҳсил олиб, бакалавр даражасини қўлга киритди. 2020–2022 йилларда Бостон шаҳридаги New England Conservatoryда магистратура босқичида Лауренc Лессер устозлигида таҳсил олди ва мазкур таълим муассасасининг Graduate Diploma дастурини ҳам муваффақиятли тамомлади. Айни пайтда Белгиядаги Queen Elisabeth Music Chapelда машҳур виолончель устаси Гарри Хоффман раҳбарлигида фаолият олиб бормоқда.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков иқтидорли мусиқачини ушбу юксак эътироф билан самимий табриклаб, миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда муносиб намоён этиш ҳамда мусиқа санъати соҳасидаги самарали ижодий фаолияти учун Дилшод Нарзиллаев Маданият вазирлигининг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, қаҳрамонимизга ўзбек санъатини дунё саҳналарида ижро этишларида омад тилаб қоламиз.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/Da-TyvMhrCA" title="Dilshod Narzillayev xalqaro violonchelchilar tanlovi laureati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА