Ўзбекистонлик боксчилар халқаро рейтингда эътироф этилди
Профессионал ва ҳаваскор боксчиларнинг халқаро рейтингини эълон қилиб борадиган “BoxRec” статистик порталининг янгиланган рейтингининг энг кучли 10 нафар чарм қўлқоп усталари қаторида ўзбекистонлик 5 нафар боксчи номи қайд этилди.
Айни дамда ҳаваскорлар ўртасида вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг яхши боксчиси — 2024 йилги Олимпиада чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков ҳисобланади.
IBA талқини бўйича 2025 йилги жаҳон чемпионати финалида россиялик Всеволод Шумковдан мағлубиятга учраганига қарамай, Халаков барибир етакчи бўлиб қолмоқда.

“BoxRec” Топ-10 таликка Ўзбекистондан беш нафар боксчини киритган.
Халаковдан ташқари рўйхатдан қуйидагилар жой олди:
2025 йилги жаҳон чемпиони Фазлиддин Эркинбоев (5-ўрин)
2025 йилги жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев (7-ўрин)
2024 йилги Олимпиада чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (8-ўрин)
2023 йилги жаҳон чемпионати кумуш медаль совриндори Саиджамшид Жафаров (10-ўрин)
Айтиш лозимки, ҳозирда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган 2023 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Саиджамшид Жафаров “BoxRec” порталида ҳамон Ўзбекистон боксчиси сифатида кўрсатилган.
Эътиборли жиҳати, “BoxRec” рейтингининг асосий хусусияти шундаки, улар ҳеч қандай инсон омили, ҳакамларнинг тарафкашлиги ёки бокс ташкилотларининг қарорларисиз, махсус математик алгоритм ёрдамида тўлиқ автоматик тарзда шакллантирилади.
Т.Рўзиев, ЎзА