Ўзбекистонга 90 та замонавий газ тақсимлаш пункти тақдим этилади
Мамлакатимизда газ таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш, техник имкониятларини кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида халқаро ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Япониянинг “ITO Corporation” компанияси ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган.
Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилда Япония томони Ўзбекистонга грант асосида 90 та замонавий газ тақсимлаш пунктини тақдим этиш режалаштирилган. Ускуналарнинг умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Айни пайтда лойиҳани амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Томонлар ўртасида ўтказилган учрашувда лойиҳанинг асосий йўналишлари, амалга ошириш босқичлари ва техник масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, ГТПлар ўрнатиладиган ҳудудларда мавжуд газ тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш, қурилмаларни жойлаштириш учун зарур шароитларни баҳолаш ҳамда янги ускуналарни мавжуд инфратузилмага интеграция қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, япониялик мутахассислар билан замонавий ГТПларни ўрнатишга қўйиладиган техник талаблар, ускуналардан хавфсиз фойдаланиш, уларни ишга тушириш ва эксплуатация қилиш жараёнлари юзасидан фикр алмашилди.
Замонавий газ тақсимлаш пунктларининг жорий этилиши ҳудудларда газ босимини барқарорлаштириш, таъминот тизимининг ишончлилигини ошириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Шу билан бирга, янги ускуналар истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор ва хавфсиз таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиради.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп йиллик техник ҳамкорликнинг навбатдаги амалий натижаси бўлиб, илғор технологиялар ва хорижий тажрибани мамлакатимиз газ таъминоти тизимига жорий этишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА