Ўзбекистонда зайтун плантациялари майдони кенгайтирилади
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тармоқларини диверсификация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар бошланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Global Olive Corporation ўртасида мамлакатимизда зайтунчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2030 йилгача Ўзбекистондаги зайтун плантациялари майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, зайтунни қайта ишлаш ва зайтун мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона ташкил этиш, илғор агротехнологияларни жорий қилиш ҳамда соҳага инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Маълумотда қайд этилишича, бугунги кунда ушбу йўналишда тажриба-синов ишлари бошланган бўлиб, дастлабки амалий лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, соҳага замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш ҳамда мамлакатимизда зайтунчиликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА