Ўзбекистонда тадбиркорларнинг 64 фоизи бизнес шароити яхшиланганини билдирди
Бизнес кайфиятида ижобий тенденциялар сақланиб, буюртмалар, ишлаб чиқариш ва бандликка талаб ошган.
Ўзбекистон тадбиркорлик муҳитида ижобий тенденциялар давом этмоқда. Марказий банк томонидан 2026 йил июль ойида ўтказилган сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган 2 минг 391 нафар тадбиркор иштирок этди. Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 64 фоизи бизнес юритиш шароитлари яхшиланганини қайд этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 61 фоизни ташкил этган эди.
Тадбиркорлар ижобий ўзгаришларни, аввало, банк хизматлари сифати, кредит олиш имкониятлари, рақобат муҳити ва лицензия олиш жараёнларининг яхшиланиши билан боғлаган. Айни пайтда солиқ маъмурчилиги, монополлашув даражаси, маъмурий аралашувлар, газ ва электр таъминоти ҳамда божхона тарифлари бўйича сезиларли ўзгаришлар кузатилмагани қайд этилган.
Бу ҳолат бизнес муҳитида ижобий силжишлар мавжуд бўлса-да, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатаётган айрим тизимли масалалар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатади. Иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари ҳам тадбиркорларнинг ишбилармонлик кайфияти нисбатан юқори эканини кўрсатмоқда. Хусусан, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 56 фоизи буюртмалар ҳажми ошганини билдирган. Бу, айниқса, қурилиш, туризм, умумий овқатланиш, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш тармоқларида яққол намоён бўлган. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ҳам ошган. Юқори қувватларда ишлаётган корхоналар улуши бир йилда 50 фоиздан 58 фоизга кўтарилган.
Бироқ, тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ қувватда ишлашига халақит бераётган омиллар ҳам бор. Улар орасида газ ва электр таъминотидаги узилишлар, ички талабнинг етарли эмаслиги, автомобиль ёқилғиси нархининг ошиши ва логистикадаги узилишлар асосий чекловлар сифатида кўрсатилган. Меҳнат бозорида ҳам фаоллик барқарор сақланган. II чоракда тадбиркорларнинг 48 фоизи ишчи кучига бўлган талаб ошганини билдирган. Келгуси даврда, айниқса Хоразм, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қўшимча ишчи кучига талаб юқори бўлиши кутилмоқда.
Соҳалар кесимида эса ишлаб чиқариш, қурилиш, туризм ва молия тармоқларида янги меҳнат ресурсларига эҳтиёж юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу кўрсаткичлар бизнес субъектларининг фаолиятини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга интилаётганини англатади. Тадбиркорларнинг молиявий ҳолатига оид кўрсаткичлар ҳам диққатга сазовор.
Сўнгги уч ойда 42 фоиз тадбиркор қарз мажбуриятлари ошганини билдирган. Шу билан бирга, респондентларнинг 45 фоизи келгусида қарз мажбуриятлари яна ортишини кутмоқда. Кредит ресурсларига эҳтиёж, айниқса, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва умумий овқатланиш соҳаларида юқори бўлиши кутилмоқда. Ҳудудлар бўйича эса Нaвоий, Қашқадарё, Андижон ва Жиззах вилоятларида кредит ресурсларига эҳтиёж ошиши прогноз қилинган. Фарғона, Тошкент ва Бухорода эса кредитга эҳтиёжнинг пасайиши ёки ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда.
Сўров натижалари ҳудудлардаги бизнес кайфияти бир хил эмаслигини ҳам кўрсатди. Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида тадбиркорларнинг 69 фоизи бизнес шароитлари яхшиланганини билдирган. Бу ўтган йилга нисбатан 8 фоиз бандга юқори. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ушбу кўрсаткич 66 фоизни ташкил этган. Бироқ, бу ерда ўтган йилга нисбатан 4 фоиз бандлик пасайиш кузатилган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бизнес шароитлари яхшиланганини қайд этганлар улуши 66 фоиз бўлиб, йиллик ўсиш 4 фоиз бандни ташкил этган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида мазкур кўрсаткич 65 фоизга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 9 фоиз бандлик ўсишдир. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тадбиркорларнинг 61 фоизи бизнес шароитлари яхшиланганини билдирган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 53 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда юқори қувватда ишлаётган корхоналар улуши сезиларли ошиб, 43 фоиздан 61 фоизга етган. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бизнес шароитларига берилган умумий баҳо бироз пасайган бўлса-да, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи сезиларли яхшиланган. Юқори қувватда ишлаган корхоналар улуши 57 фоиздан 70 фоизга ошган. Бу ҳолат иқтисодий фаолликнинг муҳим жиҳатини кўрсатади: бизнес муҳитига берилган субъектив баҳо пасайган шароитда ҳам корхоналарнинг мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларидан фойдаланиши ортган.
Бир сўз билан айтганда, 2026 йил II чораги натижалари Ўзбекистонда тадбиркорлик фаоллиги ижобий йўналишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Бизнес шароитлари яхшиланганини билдирганлар улуши 64 фоизга етгани, буюртмалар ҳажмининг ўсиши, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг ортиши ва ишчи кучига талабнинг сақланиб қолаётгани иқтисодий фаоллик учун муҳим сигналдир.
Ш.Маматуропова, ЎзА