Ўзбекистонда сув танқислигига ечим изланмоқда
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг тўқсон фоиздан ортиғи суғоришга боғлиқ. Кейинги йилларда иқлим ўзгариши ва табиий музликларнинг тез эриши сабабли сув танқислиги кучаймоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида сув ресурслари етишмовчилиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО мутахассислари таъкидлашича, сунъий музлик технологияси Ўзбекистон шароитида иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва сув ресурсларини самарали бошқаришда истиқболли ечимлардан бири бўлиши мумкин.
Шу мақсадда БМТ ФАО вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Қирғиз Республикаси Баткен вилоятига уч кунлик ўқув сафарини амалга оширди.
Ушбу ташриф “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Асосий мақсад мавсумий сув танқислигига қарши курашишда инновацион сунъий музлик технологияларини ўрганишдан иборат.
Сунъий музлик – бу тоғли ҳудудларда қиш мавсумида сувни муз шаклида сақлаб, баҳор ва ёз ойларида аста-секин эритиб чиқарадиган, табиатга мос ва инновацион сув тежовчи технологиядир.

– Сунъий музлик технологияси бўйича ФАО делегацияси фақат Қирғиз Республикаси тажрибаси билан чекланмай, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатларда ҳам қўлланилаётган илғор ёндашувлар билан танишмоқда, – деди лойиҳа координатори Азиз Нурбеков. – Жумладан, Ҳиндистоннинг Ладакҳ минтақасида “Ice Stupa” деб аталувчи сунъий музликлар орқали қишлоқ хўжалигида баҳорги суғориш суви манбалари яратилмоқда. Покистонда ҳам шунга ўхшаш технологиялар ёрдамида сув танқислиги шароитида дарё сувидан музлик шаклида захира яратилиб, ундан босқичма-босқич фойдаланилмоқда. Ушбу халқаро тажрибалар Қирғизистондаги амалиёт билан биргаликда Ўзбекистон тоғли ҳудуларида яшайдиган аҳоли урф-одатларидан ва маҳаллий шароитдаги талаблардан келиб чиққан ҳолда сунъий музликлардан самарали фойдаланиш истиқболини кўрсатади.
Делегацияга сунъий музлик технологияларини ФАОнинг Қирғизистондаги Миллий лойиҳа менежери ва сув тежовчи технологиялар бўйича эксперт Матраим Жусупов таништирди. У назарий машғулотлар ҳамда дала ташрифлари давомида тизимнинг амалий жиҳатларини тушунтириб берди.
Баткендаги тажриба шуни кўрсатдики, маҳаллий ҳамжамиятлар оддий, арзон ва инновацион технологияларни ўзлаштириш орқали сув таъминотини яхшилаш ва ўз турмуш шароитларини барқарорлаштиришга эриша олади. Бу тажриба аҳолининг инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилишда бевосита иштирок этишига замин яратди. Баткендаги ёндашув Ўзбекистондаги шунга ўхшаш иқлимий ва ижтимоий шароитларда ҳам муваффақиятли татбиқ этилиши мумкин бўлган модель сифатида қаралмоқда.
Ташриф якунида Ўзбекистон шароитида техник-иқтисодий асослаш ва гидрологик тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар ва фермерлар учун тренинг ва ўқув сафарларини ташкил этиш, рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА