Ўзбекистонда спортнинг оғир атлетика турига эътибор янада кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2024-2026 йилларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
ёшларнинг оғир атлетикага қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш;
иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашни янада такомиллаштириш;
оғир атлетика ҳамда парапауэрлифтинг йўналишини ривожлантиришга қаратилган алоҳида дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
илғор хориж тажрибаларини ўзлаштириш ҳамда малакали халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда тренер ва спортчиларни инновацион технологиялар ва илмий-таҳлилий ёндашув асосида тайёрлаш;
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, мавжуд спорт мажмуаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаб бориш;
оғир атлетикани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлаш учун соҳани қўшимча молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтириш;
ҳудудий терма жамоаларнинг тайёргарлигини ошириб бориш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги спортнинг яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларининг оғир атлетика инфратузилмасини янада ривожлантириш асосида уларни халқаро талабларга мослаштириш;
оғир атлетикага ўқитишнинг замонавий методикаларига оид илмий- услубий ва ўқув адабиётлар билан таъминлаш ҳамда тиббий-биологик хизматни ривожлантириш;
оммавий ахборот воситаларида оғир атлетикани соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми ва болаларни баркамол инсон этиб тарбиялашга хизмат қиладиган спорт тури сифатида тарғиб қилиш.
Қарор билан оғир атлетика спорт турини 2024-2026 йилларда кенгроқ ривожлантириш дастури ҳамда 2024-2026 йилларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳам тасдиқланди.
2024 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича Марказий Осиё очиқ чемпионати;
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича "UzbekistanOpen" Ўзбекистон очиқ чемпионати;
оғир атлетика бўйича Халқаро оғир атлетика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман, шаҳар, вилоят ва республика) чемпионатлар ва кубоклар;
оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақаси ўтказилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, Спорт вазирлиги ҳузурида Оғир атлетика маркази ташкил этилади.
Марказ иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни миллий терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлаш;
спортчиларнинг халқаро мусобақаларга самарали тайёргарлик кўриши учун узлуксиз ўқув машғулот йиғинларини ташкил этиш;
спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳоратини ошириш;
оғир атлетика бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда спортчи ва мутахассисларнинг тайёргарлик жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш;
маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, мастер-класслар, ўқув машғулотлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш билан шуғулланади.
ЎзА