Ўзбекистонда паспорт тизими тарихи
Италянча ва французчадан таржима қилинганда “портга кириш ёки у орқали ўтиш учун рухсатнома” маъносини англатувчи паспорт айрим давлатларда фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон тарихида илк паспортдан (ёки шу вазифани бажарган ҳужжатдан) қайси даврдан бошлаб фойдаланилгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Бироқ ўрта аср манбаларида ҳаж сафарига отланган ёки узоқ ўлкаларга саёҳат, савдо-сотиқ мақсадида йўл олганлар ўзларининг шахсларини тасдиқловчи ҳужжат билан йўлга чиққанлари ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Қуйидаги мақолада Ўзбекистонда паспорт ва паспорт тизими (аҳолини ҳисобга олиш ва унинг кўчиб юришини тартибга солиш қоидалари мажмуи) тарихи билан боғлиқ айрим қизиқарли маълумотлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишларича, Бухоро амирлигида ўзига хос паспорт тизими мавжуд бўлган. Ҳатто амирлик чегараларини қўриклайдиган чегарачиларнинг қайд дафтарида амирлик ҳудудига кираётган ёки чиқаётган ҳар бир шахс ҳақидаги батафсил маълумот ёзиб борилган. Мазкур қайдларда сана, исм-шарифи, бўйи, кўзи, қоши, соқоли, мўйлови, оғзи, бурни, юзи, касб-ҳунари, қайси вилоят, туман, мавзе ва гузардан эканлиги, хат ва саводи, махсус белгиси, нима мақсадда амирликдан чиқиб кетаётгани ҳамда кимнинг кафиллигида кетаётгани ёзилган. Тарихчи Лобар Асророванинг ёзишича, амирликдаги бу тизим ҳозирда мавжуд бўлган паспорт тизимига ўхшаб кетади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўрта Осиёга сохта паспортлар билан жосусларни юбориш ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан, 1834 йилда Бухорога юборилган миссияга туркий тилларни ва бу халқлар тарихини яхши билган Қозон университетининг Шарқшунослик факультети собиқ талабаси Пётр Демизон раҳбарлик қилиб, унга татар мулласи Мирза Жаъфар номи билан сохта паспорт ва дипломатлигини тасдиқловчи ҳужжат берилган. У ушбу сохта паспорт билан Бухорода анча вақт юрган.
Амирликда паспорт бериш масаласида ҳам муаммолар кўп бўлган. Масалан, тарихчи Файзулла Очилдиевнинг қайд этишича, янги Термиз шаҳридаги паспорт бўлимида фуқароларга паспорт беришда қонунбузарликларга йўл қўйилган. Афғон ва форс фуқароларига вақтинчалик гувоҳномалар беришда паспорт низомининг 7-моддасига амал қилинмай, уларга шундай гувоҳномалар берилган. Шахсини аниқлаштирувчи ҳужжати етарли бўлмаганларга ҳам яшаш учун рухсатномалар берилган. Паспорт низомининг 29-моддасида кўрсатилганидек, чет эл фуқароларига, шахсини тасдиқламайдиганларга тегишли гувоҳномалар беришга янги Термиз полициясининг ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмаган. Лекин янги Термиз полицияси чет эл фуқароларига вақтинчалик гувоҳномалар беришни кўпайтирган.
Бош штаб капитани Гиршфельднинг “Хива воҳасининг ҳарбий статистик баёни” асарида қайд этилишича, Хива хонлигида XIX асрнинг охирларида паспорт учун 1 тилло миқдорида давлат божи олинган. Хонликда 1917 йилдан фаолият бошлаган Россия империясининг ҳарбий комиссари Россия империяси ҳудудига ва ҳорижий мамлакатларга чиқадиган хива фукароларига паспортлар бериш билан ҳам шуғулланган.
Тарихчи Нэля Потапованинг ёзишича, 1867 йилда Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман сиёсий ва тижорий мақсадлар билан Ўрта Осиёга келаётган Россия фуқаролари учун чет эл паспортлари (бирор мамлакатдан бошқа мамлакатга бориш учун бериладиган махсус паспорт)ни жорий этиш фикрини билдирган. 1870 йилда Туркистон ўлкасидаги хорижда савдо қилиш учун жўнаб кетаётган рус фуқаролари, ҳаж зиёратига отланган рус мусулмон фуқаролари ва қўшни хонликлар фуқароларига чет элга чиқиш паспортларини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Россия империяси наздида паспортлар уларнинг эгалари Россия қонунлари ҳимоясидалиги ва унга содиқ эканлигидан гувоҳлик бериши лозим эди. 1886 йилдан Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази бўлган Тошкентда Акциз бошқармаси фаолият бошлади. У паспорт йиғимлари масалалари билан ҳам шуғулланган.
1917 йилдан кейин паспорт тизими янада кескинлашди. Адабиётшунос олим, академик Наим Каримовнинг маълумот беришича, 22 ёшли Ҳамид Олимжон 1931 йилда Ўзбекистон давлат педагогика академияси (ҳозирги Самарқанд давлат университети)ни битириши арафасида паспорт олиш учун ариза беради. Маълум бўлишича, ўша йилларда паспорт балоғат ёшига тўлган кишиларга осон-гаров берилмаган. Бунинг учун балоғатга етган кимсанинг яшаш жойидан, унинг келиб чиқишини тушунтирувчи, ғоявий соғлом оиладан эканлигига кафолат берувчи гувоҳнома ҳам талаб этилган.
Тарихчи Аваз Ерметовнинг қайд этишича, 1932 йил 27 декабрда совет ҳукумати томонидан фуқароларни рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш ва паспорт тизимини жорий этиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 1933 йилда собиқ иттифоқда аҳолини паспортлаштириш билан боғлиқ жараён авж олди. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилигига дастлабки вақтларда паспорт берилмади. Қишлоқ жойларда паспорт жорий этилмаслиги 70-йилларга қадар давом этиб келди. Ватандошларимизнинг “қулоқ”ликдан озод бўлиб, фуқаролик мақомига ва паспортига эга бўлиб сургундан юртга қайтиш жараёни ҳам жуда оғир ҳамда узоқ кечган.
Собиқ иттифоқ Ички ишлар халқ комиссарлиги 1938 йил 23 февралда қатағон қилиниши лозим бўлган шахсларни аниқлаш учун паспортларда фото наклейкадан фойдаланиш тўғрисида Директива чиқарди. Паспортлардаги фотокарточкалар 1937 йил 23 октябрдан жорий қилинган эди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, совет тузуми даврида баъзи исм-шарифлар рус орфографияси таъсирида ёки бошқа сабаблар билан ҳужжатларда, хусусан, паспортларда ўзбек тили имлосига зид тарзда ёзилди. Бу хатоликлар ҳозирда ҳам айрим муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, совет даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг биринчи ҳаж сафарига бориши учун атиги 6 нафар кишига рухсат этилган эди. Уларнинг ҳар бирига 1944 йилда марказдан хорижга чиқиш паспортлари юборилган. Ҳажга борувчиларни танлашга алоҳида эътибор берилган. Масалан, 1958 йили Ўзбекистон бўйича ҳажга боришни сўраган 173 нафар номзоддан 11 нафарига ҳажга боришга рухсат ва хорижга чиқиш паспорти берилган. Таққослаш учун, “Таржимон” газетасида қайд этилишича, 1901 йил Туркистон генерал-губернаторлигининг Сирдарё вилоятидан 132, Фарғона вилоятидан 2768, Самарқанддан 90, Закаспийдан 17, жами 3511 кишига ҳажга бориш учун паспорт берилган эди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ