Ўзбекистонда дастурлаш мусобақалари экотизими ривожланади
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ICPC Foundation президенти Уильям Пучер билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистонда дастурлаш мусобақалари экотизимини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатнинг нуфузли халқаро дастурлаш мусобақаларидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
ICPC — дунёнинг турли мамлакатларидан иқтидорли талабаларни бирлаштирувчи нуфузли халқаро дастурлаш мусобақаси бўлиб, унда 70 мингдан ортиқ талаба ва 4 мингдан зиёд университет иштирок этади. Жаҳон финалида эса 140 та университет жамоаси ўзаро беллашади.

Учрашувда Ўзбекистон ICPC билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, ICPC Жаҳон финалини мамлакатимизда ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишга қизиқиш билдираётгани таъкидланди.
Бундай нуфузли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда ўтказиш глобал технологик ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш, маҳаллий ёшларнинг салоҳиятини намоён этиш ва дастурлашга бўлган қизиқишни янада ошириш учун муҳим имконият бўлиши қайд этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда дастурлаш бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш ва тайёрлаш, университетлар ўртасидаги мусобақаларни ривожлантириш, ўқитувчи ва тренерлар салоҳиятини ошириш ҳамда ёшларни халқаро беллашувларга жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда ICPC Foundation билан ҳамкорликда маҳаллий университетлар ва IT Park иштирокида дастурлаш мусобақалари экотизимини ривожлантириш, ёшлар учун янги таълим ва амалий тажриба имкониятларини яратиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, ICPC Жаҳон финали доирасида талабаларни волонтёрлик фаолиятига жалб этиш, уларнинг халқаро тажрибасини ошириш, шунингдек, ICPC битирувчилари ва халқаро технологик компаниялар вакиллари билан алоқаларни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида дастурлаш таълимини ривожлантириш, ёшларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини кенгайтириш ва ICPC Foundation билан истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА