Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги бошланди
Сенатда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига расман старт берувчи “Барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий тараққиётнинг янги босқичи” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Раиси, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева бошқарган тадбирда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакили, Парламентлараро иттифоқ котибияти раҳбарияти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ойлиги давомида республика бўйлаб юзлаб тадбирлар ташкил этилиши қайд этилди. Жумладан, парламент эшитувлари, маҳаллий кенгашлар сессиялари, илмий-амалий конференциялар, форумлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, маҳаллаларда учрашувлар, тарғибот тадбирлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда махсус медиа-лойиҳалар амалга оширилади.

БРМ ойлигини ўтказишдан мақсад – аҳолида БРМ ғояларига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кенг намоён этиш ва умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдир.
Конференцияда сўзга чиққан маърузачилар, хорижий ва миллий экспертлар таъкидлаганидек, мамлакатимиз 16 та миллий БРМ ва 126 та вазифани қабул қилиб, уларни “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари билан тўлиқ уйғунлаштирган.
Мазкур стратегик ёндашув асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида БРМнинг 70 фоиздан ортиғи бўйича сезиларли ижобий натижаларга эришилиб, 45 фоизи бўйича эса белгиланган кўрсаткичлар тўлиқ рўёбга чиқарилди. Айниқса, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йил якунида 5,8 фоизга қисқарди. Мактабгача таълим билан қамров 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 8,3 фоиздан 47,7 фоизга етди.

Давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 27 фоиздан 35 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий кенгашларда эса 32,5 фоизга етди.
Олиб борилган тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида 2026 йилда Ўзбекистон БРМ индексида 167 давлат орасида 65-ўринни эгаллади.
Бу натижаларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш ва барқарор тараққиётни кафолатлашга хизмат қилаётганининг яққол ифодасидир.
Н.Абдураимова, ЎзА