Ўзбекистон журналистлар уюшмаси АҚШда қатор учрашувлар ўтказди
Жорий йилнинг 25 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг VII конференциясида Уюшмани 2026-2030 йилларда янгилаш Концепцияси тасдиқланган эди. Мазкур Концепцияда устувор йўналишлардан бири сифатида халқаро алоқаларни ривожлантириш, Уюшмани халқаро даражага олиб чиқиш ва уни хорижий медиа тузилмаларга аъзоликка қабул қилинишига эришиш белгиланган. Ўтган вақт мобайнида мазкур мақсадларни амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Уюшма делегациясининг Америка Қўшма Штатларига сафари ҳам айнан шу мақсадларни кўзлайди. Хизмат сафари доирасида Вашингтон шаҳрида қатор медиа ташкилотлар ва таҳлил марказлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. Уларнинг асосий мақсади икки мамлакат медиа соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги ахборотларни халқаро майдонда кенгроқ ёритиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Мулоқотларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг дастурий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида ахборот берилди.
Делегация Вашингтон шаҳрида Тадқиқотлар ва тажриба алмашиш бўйича Халқаро кенгаш — IREX президенти Александр Дардели билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон журналистлари учун халқаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. IREX халқаро таълим, журналистика, ахборот алмашинуви ва институционал ривожланиш соҳаларида фаолият юритувчи АҚШдаги йирик нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ташкилот ҳозиргача 100 дан ортиқ мамлакатда ҳамкорлик лойиҳаларини

амалга оширган.
Сафар давомида делегация аъзолари Ҳадсон институти президенти Жон Волтерс билан ҳам мулоқот ўтказди. Учрашувда Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати ва ислоҳотларини халқаро экспертларга етказиш, журналистлар ва таҳлилчилар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма давра суҳбатлари ва экспертлик учрашувларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди. Таъкидлаш жоизки, Ҳадсон институти АҚШдаги нуфузли мустақил таҳлил марказларидан бири бўлиб, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва уларнинг хавфсизликка таъсири бўйича тадқиқотлар олиб боради. Институт вакиллари билан учрашувда журналистларни сунъий интеллект шароитида биргаликда ўқитиш ҳамкорликнинг келгусидаги йўналишларидан бири бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Марказий Осиё ва Кавказ институти директори, таниқли эксперт Фредерик Старр билан учрашув ҳам самимий руҳда ўтди. Мулоқот давомида Фредерик Старр Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдонда ва минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолашини билдирди. Эксперт мамлакатимиз медиа соҳасидаги ўзгаришлар ва сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди. Учрашув якунида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида хорижий оммавий ахборот воситалари учун таҳлилий мақолалар ёзадиган журналистлар ва сиёсий шарҳловчиларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегациясининг Халқаро журналистлар маркази раҳбари Шэрон Мошави ва Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастурлари директори Себастьян Пейроуз билан ҳам мулоқотларида сунъий интеллект, дезинформация ва рақамли медиа йўналишида ўқувлар ўтказиш ва АҚШдаги етакчи ОАВларда тажриба алмашиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бир сўз билан айтганда, Уюшма халқаро миқёсга чиқиш ва Ўзбекистон медиа соҳаси вакилларининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш борасида фаол изланишлар олиб бормоқда.

ЎзА