Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида
Бугун ҳам жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон билан боғлиқ воқеалар кенг ёритилган. Хусусан, нашрлар Россия Федерацияси Бош прокурорининг юртимизга сафари, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати биринчи ялпи мажлисидаги иштироки, қадимий ва навқирон Бухорои шариф ҳаёти, ўлкамизда аҳоли сони тез ортаётгани, Янги Тошкент мегаполис мақоми сари интилаётгани ва диёримиз иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатини намоён этаётганига эътибор қаратган.
RT: Краснов Ўзбекистон Бош прокурори Йўлдошев билан музокара ўтказди

“Россия Бош прокурори Игорь Краснов 21 ноябрь куни Тошкентга келди ва Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев билан музокара олиб борди”, деб ёзган Россиянинг RT нашри.
Краснов РФ Президентининг жорий йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифини эслаб, икки мамлакат терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноят, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроқ ноқонуний айланиши каби ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича ваколатли идоралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
– Жорий йил апрелда Москвада бўлиб ўтган мулоқотимизда, шунингдек ШҲТ ва МДҲга аъзо мамлакатлар Бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгаши учрашувларида белгилаб олинган ҳамкорлик ривожи йўналиши узоқ муддатли мақсадларимизга тўлиқ жавоб беради, – деди Краснов.
Diplomatic News Agency – DNA: Президент Мирзиёев Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг асосий вазифаларини белгилаб берди

Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири – “Дипломатия ахборот агентлиги – DNA” давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати биринчи ялпи мажлисидаги иштироки ҳақида мақола эълон қилди. Нашр Ўзбекистон етакчиси нутқида қайд этилган асосий жиҳатларга урғу берган.
Республикада ўтказилган конституциявий ислоҳот натижасида Сенат таркиби ихчамлашди, сенаторлар ваколати ва масъулияти бир неча баробар оширилди, юқори палатанинг парламент назоратини амалга ошириш, муҳим давлат идораларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.
Хусусан, қонунларни муҳокама қилишда янгича механизм жорий этиш, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, Сенат қўмиталаридаги эшитув институти қонуний асосини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда сенаторлар иштирокини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини кучайтириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш чораларини кўриш устувор вазифалар сифатида санаб ўтилгани қайд этилди.
The London Post: Бухоро – Марказий Осиёнинг абадий юраги

Буюк Британиянинг нуфузли нашри қадим Бухорони буюк тарих ва маданият гавҳари, Марказий Осиё юрагидаги шаҳар сифатида таърифлади.
Минглаб йиллик ўтмишга эга бу кўҳна шаҳар жаҳон цивилизациясининг ўчмас қадриятларига эга. Бухоро нафақат чуқур тарих, балки ҳозирги замон билан ҳамоҳанг ривожланишда давом этмоқда. Кентнинг улуғворлиги, гўзаллиги, бой мероси ҳар қандай меҳмонни ҳайратга солади.
Бухорои шариф Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бўлиб, стратегик жиҳатдан Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприкдир. Азалдан дунё сайёҳлари, савдогар, олим, санъаткорлар бу заминга ўз маданияти, билимини ёйган.
Кўҳна шаҳарнинг ҳар бир ғишти ва нақшида тарих нафасини ҳис қилиш мумкин. Минораи Калон, Арк қалъаси, Абдулазизхон мадрасаси каби иншоотлар улуғворлик касб этади. Бухоронинг етти пири – Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хўжа Али Ромитоний, Муҳаммад Бобо Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ манзиллар нафақат халқимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас қадамжо ҳисобланади.
Hospodárske noviny: Ўзбекистонда аҳоли тез кўпаймоқда

Словакиянинг иқтисодиётга ихтисослашган газетасида чоп этилган мақолада ўлкамиз аҳолиси ҳар йили 700 минг кишига ортаётгани, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши таъкидланган. Қайд этилишича, малакали кадрларни тарбиялаш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифасига айланган.
Муаллиф мамлакатимиз ёшлари таълим олиши учун яратилган кенг имкониятлар саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган хорижий компаниялар учун ҳам катта имтиёз эканига урғу берган.
CNN Business: Ўзбекистон ўз капиталини кенгайтириш орқали ривожланишни мақсад қилган

– Ўзбекистон пойтахти Тошкент Марказий Осиёдаги энг гавжум шаҳарлардан бири, – деб ёзади “CNN Business” сайти. – Шаҳарни йирик мегаполисга айлантириш мақсадида пойтахтнинг шарқий қисмида 20 минг гектар майдон ажратилган. “Янги Тошкент” мавжуд капитални кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатга инвестиция жалб қилиш ва иқтисодиётни юксалтиришда муҳим роль ўйнаши мумкин.
2017 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев улкан иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини бошлаган эди. Мамлакат 2026 йилга келиб қашшоқлик даражасини икки баробар камайтириш, 2030 йилгача даромад ўртачадан юқори иқтисодиётга айланиш, аҳоли жон бошига ЯИМ қийматини 4000 долларга етказишни режалаштирган. Урбанизация даражасини эса 60 фоизга кўтариш мақсади белгиланган.
Янги Тошкентда шинам уй-жойлар, давлат идоралари, университет, кутубхона ва музейлар барпо қилинади. Инновацион кластерлар мақсадли тармоқлар ўсишини таъминлайди, туризм ҳудудлари эса дунё сайёҳларини жалб қилади.
Info Zakon: Ўзбекистон саноат ривожига таянади

Қозоғистоннинг ҳуқуқий-ахборот порталида чоп этилган таҳлилий мақолада диёримизда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръати кузатилаётгани, бу жараёнда саноат ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун ҳаракатлантирувчи омил экани таъкидланган.
Муаллиф қайд этишича, давлат сиёсати саноат ишлаб чиқаришини диверсификация қилишни жадаллаштириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоқлари жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган.
Мамлакатда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг кўлами саноат соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларда яққол намоён қилинган. Ушбу масалаларни ҳал қилиш макроиқтисодий сиёсатни такомиллаштириш, инфратузилма объектларини ривожлантириш, хусусий сектор улушини ошириш, ишлаб чиқарувчилар учун рақобат муҳитини яратиш, рақамли технологияларни жорий этиш каби асосий мақсадлар билан боғлиқ.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА