Ўзбекистон ёшлари Осиё чемпионатида 6 та медални қўлга киритди
Ҳонг Конгда енгил атлетика бўйича U20 Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритди.
Мусобақанинг найза улоқтириш баҳсларида ҳамюртимиз Руслан Саъдуллаев 75,01 метр натижа кўрсатиб, Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. 5000 метрга югуриш баҳсларида Тимур Насимов 15:34.09 вақт натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Узунликка сакраш баҳсларида Сарвар Мейлиев бронза медалига эга чиқди.

Қизлар ўртасида Садафбону Нусратиллоева икки йўналишда шоҳсупага кўтарилди. У дастлаб 3000 метрга тўсиқлар оша югуришда 10 дақиқа, 37.32 сония, 5000 метр масофага югуришда эса 18 дақиқа 08.17 сония натижа қайд этиб, 2 та бронза медали соҳиби бўлди. Шунингдек, Дилноза Ҳошимова қизлар ўртасидаги 3000 метрга югуриш дастурида учинчи ўринни эгаллади.

Эътиборли жиҳати, мазкур чемпионатда икки нафар спортчимиз жорий йилда ўтказиладиган U20 жаҳон чемпионати учун белгиланган саралаш нормативларини ҳам бажаришга муваффақ бўлди. Руслан Саъдуллаев найза улоқтиришда 75,01 метр, Сарвар Мейлиев эса узунликка сакрашда 7,60 метр натижа қайд этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Маълумот учун, U20 жаҳон чемпионатига саралаш нормативи найза улоқтиришда 68,50 метр, узунликка сакрашда эса 7,58 метрни ташкил этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА