Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига аъзо бўлмоқда – бу бизга нима беради?
Парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банки (ЯТБ) тўғрисидаги битимга қўшилиши масаласини муҳокама қилди.
Мамлакатимизнинг мазкур битимга қўшилиши ўзига хос тарихий воқеа сифатида миллий манфаатларни кўзлаган очиқ, прагматик инвестиция сиёсатининг мантиқий давоми бўлади.
Қайд этилганидек, 2014 йилда ташкил этилган мазкур банкка бугунги кунда 11 та давлат аъзо ҳисобланади. Ҳозирда банкнинг инвестиция портфели жами 40 миллиард доллар бўлиб, 2027 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 45 миллиард доллардан ошириш режа қилинган.

Янги тараққиёт банки, аввало, ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бўлиб, унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида фаолият юритади.
Ўзбекистон мазкур нуфузли молиявий институтга аъзо бўлиш орқали глобал инвестиция жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган. Ўзбекистоннинг банкка аъзо бўлиши учун тўланадиган капитали 24,3 миллион долларни ташкил этади. Ушбу тўлов 7 йил давомида босқичма-босқич амалга оширилади.
Таъкидланганидек, ушбу ҳамкорлик иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, замонавий инфратузилмани барпо этиш ва узоқ муддатли имтиёзли молиявий ресурсларни жалб этиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиши миллий иқтисодиётни модернизация қилишда муқобил ва имтиёзли сармоялар оқимини таъминлаш имконини беради. Мамлакатимизга халқаро молиявий майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, энергетика, инфратузилма, сув хўжалиги ва транспорт соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини имтиёзли шартларда молиялаштириш учун янги имкониятлар эшигини очади. Юртимизда янги корхоналар ва минглаб иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА