Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни бугунги улуғ айём – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Тинчлик, меҳр-оқибат ва саховат байрами – Ийд ал-Адҳа муқаддас динимиз моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоя ва амалларни яққол ифода этган ҳолда, ҳозирги кунда мамлакатимизда инсонпарварлик руҳида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига уйғун ва ҳамоҳанг экани билан барчамиз учун янада азиз ва қадрли бўлиб бормоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, кўпмиллатли юртимизда осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож инсонлар, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла ва хонадонларни обод қилишга қаратилган ишларимизда Қурбон ҳайитининг эзгу анъаналари куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаш лозим.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданий қадриятларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий меросини, ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилмоқда. Буни яқинда халқимиз ва юртимиз меҳмонлари учун ўз эшикларини очган азим пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби Янги Ўзбекистон мўъжизалари бўлган ноёб обидалар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги муҳим тарихий қадамлар бўлиб, улар бизни янада катта сафарбарлик билан ҳаракат қилишга даъват этади.
Ҳурматли дўстлар!
Юртимизда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш учун яратиб берилаётган қулай шароитлар туфайли ушбу мунаввар кунларда 15 мингдан зиёд ватандошларимиз муқаддас ҳаж амалларини адо этмоқда. Бу йил тарихимизда илк марта “Президент ҳожилари” дастури жорий этилганидан хабарингиз бор. Ушбу дастурга мувофиқ, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз – уламолар, нуронийлар, маҳалла фахрийлари ҳамда уларнинг оила аъзолари муборак ҳаж сафарига бориш имкониятига эга бўлдилар.
Мана шу саодатли онларда барча ҳожиларимизни Қурбон ҳайити билан қутлаб, ибодатлари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Муқаддас зиёратдан қайтиб келадиган бу ҳурматли юртдошларимиз эзгулик ва маърифат тарғиботчилари сифатида оила ва маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда олиб бориладиган маънавий-тарбиявий ишларда фаол иштирок этадилар, деб умид қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон дўстларимиз ва ҳамкорларимизга ҳам қизғин қутловларимизни йўллаб, уларга тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ватандошлар!
Қурбон ҳайити муносабати билан бу йил ҳам бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланди. Байрам кунларида ҳам элимиз хизматида, Ватан сарҳадларида ўз вазифасини масъулият билан адо этаётган юртдошларимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Чет элларда таҳсил олаётган ва ишлаётган ватандошларимизни ҳам самимий табриклаб, уларнинг барчасига эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Эл-юртимизни шундай қутлуғ айёмга тинчлик-омонликда ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Илоҳим, Яратган парвардигор эл-юртимизни ўз паноҳида асрасин!
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти