Ўзбекистон–Венгрия “INNO” технопарки очилди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлигида барпо этилган “INNO Science Park” илмий-инновацион технопарки расман фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳа мамлакатимизда илм-фан, технология ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида эътиборга молик.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов, Венгриянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Йожеф Рожа, Венгрия Ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели ҳамда икки давлатнинг олий таълим ва илмий муассасаларининг вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, ушбу илмий технопарк икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, замонавий лабораториялар, бизнес-инкубаторлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш тизимларини шакллантиришга хизмат қилади. Бу ерда инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва юқори технологияли лойиҳаларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилади.
[gallery-28065]
“INNO Science Park” муҳандислик, энергетика, сунъий интеллект, машинасозлик, электроника, автоматлаштириш, материалшунослик, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда тиббий технологиялар каби устувор йўналишларда фаолият юритади. Мазкур соҳалар бугунги глобал иқтисодиётда юқори қўшимча қиймат яратадиган тармоқлар сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Шунингдек, технопаркда талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун замонавий илмий муҳит шакллантирилиб, экспертлар маслаҳати, лаборатория базаси ва стартап ташаббусларини ривожлантиришга қаратилган имкониятлар тақдим этилади. Бу эса илмий ғоялар ва амалий ишланмалар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳани амалга оширишда Венгриянинг нуфузли Обуда университети ҳам фаол иштирок этмоқда. Университет билан ҳамкорлик доирасида илмий тадқиқотлар, технологик трансфер ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон талабалари учун Венгрия олий таълим муассасаларида малака ошириш ва амалиёт ўташ имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастурлар ҳам амалга оширилиши режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, Жиззахда ташкил этилган мазкур технопарк илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ва ёш олимларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим майдонга айланади. Шу жиҳатдан у мамлакатимизда билимга асосланган иқтисодиётни шакллантириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА