Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти: Стратегик шерикликнинг янги босқичи ва иқтисодий юксалиш сари
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан сўнгги тўққиз йил давомида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги юзасидан ўтказилган таҳлил натижалари эълон қилинди. Ушбу тадқиқот қардош давлатлар ўртасидаги алоқалар янги сифат босқичига кўтарилганини ва иқтисодий кооперация жадал суръатларда ривожланаётганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда ТДТ мамлакатлари улкан иқтисодий салоҳиятга эга марказ ҳисобланади. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,3 триллион долларни (жаҳон иқтисодиётининг 2 фоизи) ташкил этган бўлса, харид қобилияти паритети бўйича бу кўрсаткич 6,2 триллион долларга (жаҳоннинг 3,4 фоизи) етди. Шунингдек, аъзо мамлакатларнинг жами ташқи савдо айланмаси 1,2 триллион доллардан ошди.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар нафақат бой табиий ресурслари, балки юқори ривожланган қайта ишлаш саноати билан ҳам ажралиб туради. Венгрия ва Туркияда машинасозлик тармоғи юқори технологик даражага кўтарилган бўлса, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда тўқимачилик, электротехника, кимё саноати ва машинасозлик жадал ривожланмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот, дон, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳам мазкур минтақа дунёда муҳим ўрин тутади.
Статистик маълумотларга кўра, 2017-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси 2,7 бараварга ошиб, 4 миллиард доллардан 10,8 миллиард долларга етди. Бу даврда экспорт ҳажми 1,8 баравар (3,8 млрд долларгача), импорт эса 3,8 баравар (7 млрд долларгача) ўсиши кузатилди. Савдо алоқаларининг мамлакатлар кесимидаги тақсимоти қуйидагича:
Қозоғистон: 46% (5 млрд доллар);
Туркия: 28% (3 млрд доллар);
Туркманистон: 11,1% (1,2 млрд доллар);
Қирғизистон: 11,1% (1,2 млрд доллар);
Озарбайжон: 2,8% (307,3 млн доллар);
Венгрия: 1,1% (117,4 млн доллар).
Экспорт таркибининг асосини саноат маҳсулотлари (28,2%), машина ва транспорт ускуналари (19%), хизматлар (12,7%) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (11,1%) ташкил этмоқда. Импортда эса озиқ-овқат (22,8%) ва минерал ёқилғи (20,3%) етакчилик қилади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ бозорида экспортни яна 2,7 миллиард долларга ошириш имконияти мавжуд бўлиб, бунда асосий ўсиш Туркия ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда.
Инвестициявий соҳада ҳам сезиларли натижаларга эришилди. 2017-2025 йиллар давомида ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига 11,5 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилинди. Айниқса, Туркия энг йирик инвестор сифатида 2025 йилнинг ўзида 2,4 миллиард доллар маблағ йўналтирди. Бугунги кунда мамлакатимизда ташкилотга аъзо давлатлар капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Шунингдек, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Туркий инвестиция жамғармасининг устав капитали 600 миллион долларга етказилди. Ўзбекистон ушбу жамғармага 100 миллион доллар улуш билан қўшилди. Ҳозирда жамғарма маблағлари эвазига кўплаб қўшма лойиҳалар молиялаштирилмоқда, бу эса аъзо давлатлар ўртасидаги саноат ва инвестиция кооперациясини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА