Ўзбекистон ва Сербия: ишончдан амалий ҳамкорлик сари
Дунёда иқтисодий рақобат тобора кучаяётган бугунги шароитда ташқи сиёсатдаги ҳар бир қадам мамлакатнинг эртанги имкониятларини белгилайди.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасига илк расмий ташрифи Ўзбекистоннинг Европа йўналишидаги ташқи сиёсатида янги саҳифа очган муҳим воқеа бўлди.
Белградда ўтказилган олий даражадаги музокараларнинг энг муҳим натижаси Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланганидир. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтариб, сиёсий мулоқотдан тортиб савдо, инвестиция, саноат, транспорт, технология, таълим ва маданиятга қадар кенг кўламли ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратади.
Сербия билан стратегик шерикликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг Болқон минтақаси билан муносабатларини кенгайтириш, Европа бозорларига чиқиш имкониятларини ошириш, инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этиш учун янги имкониятларни юзага чиқаради. Бу мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Музокараларда дипломатик ваколатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, сиёсий ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ташаббуслар икки давлат муносабатларини парламентлар, ҳудудлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик билан бойитиш имконини беради.
Стратегик шериклик парламентлар олдига ҳам янги вазифалар қўяди. Инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, савдо тартиб-таомилларини такомиллаштириш, меҳнат миграцияси, экологик стандартлар ва таълим соҳаларида қонунчилик тажрибасини ўрганиш муҳим. Шу жиҳатдан парламентлараро форум ташкил этиш ташаббуси амалий аҳамиятга эга. У қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, эришилган келишувларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва зарур қонунчилик механизмларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Ташрифнинг иқтисодий мазмуни ҳам салмоқли. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш, эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш бўйича келишувлар икки мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар очади. 2026–2028 йилларга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Белградда ўтказилган қўшма бизнес форумида 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этди. Тўқимачилик, электротехника, автомобиль ва саноат бутловчи қисмлари ишлаб чиқариш, фармацевтика, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳият юқори.
Эндиликда асосий масала — келишувларнинг амалий натижага айланишидир. Ҳар бир лойиҳа бўйича инвестиция ҳажми, амалга ошириш муддати, яратиладиган иш ўринлари, маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт салоҳияти аниқ белгиланиши зарур. Шунда стратегик шерикликнинг иқтисодий самараси янги корхоналар, иш ўринлари ва экспорт кўрсаткичларида намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо салоҳиятини оширишда транспорт ва логистика масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чекланган мамлакатимиз учун муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик вазифадир. Шу нуқтаи назардан, Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва автомобиль транспортида халқаро ташувларни кенгайтириш бўйича келишувлар экспортчилар учун янги имкониятлар яратади. Бунинг учун транспорт тарифлари, божхона тартиб-таомиллари ва чегаралараро ташувларни мувофиқлаштиришга ҳам эътибор қаратиш лозим.
Қишлоқ ва сув хўжалиги, қайта тикланувчи энергетика, «яшил» технологиялар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги келишувлар ҳам Ўзбекистон учун долзарб. Сув тежовчи технологиялар, замонавий суғориш тизимлари, ресурс самарадорлигини ошириш ва илмий тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга хизмат қилиши мумкин.
Меҳнат мобиллиги ва миграцияси бўйича битим эса инсон манфаатларига дахлдор муҳим йўналишни қамраб олади. Ушбу соҳада фуқароларнинг қонуний меҳнат қилиши, хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиши, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши учун аниқ механизмларни шакллантириш зарур. Меҳнат миграцияси самараси аввало инсоннинг муносиб меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимояси билан баҳоланиши керак.
Ҳудудлараро ҳамкорликнинг кенгайиши ҳам алоқаларни янги босқичга олиб чиқади. Самарқанд вилояти билан Воеводина автоном ўлкаси, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиши туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳалар учун имконият яратади.
Таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлайди. Ўзбекистоннинг 2027 йилда Белградда ўтказиладиган «EXPO-2027» халқаро кўргазмасида миллий павильон билан иштирок этиши эса мамлакатимизнинг иқтисодий, инвестициявий ва маданий салоҳиятини халқаро аудиторияга намойиш этиш учун муҳим имкониятдир. Бу майдондан инвестиция жалб қилиш ва экспорт шартномаларини тузишда самарали фойдаланиш зарур.
Ташрифнинг рамзий жиҳатлари ҳам икки халқ ўртасидаги муносабатлар юксалаётганидан далолат беради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасининг олий давлат мукофоти — Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлангани Ўзбекистон — Сербия муносабатларини ривожлантиришга қўшилган ҳиссанинг юксак эътирофи бўлди. Белград кўчаларидан бирига «Тошкент» номи берилиши эса халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодаси сифатида аҳамиятли.
Белградда эришилган келишувлар Ўзбекистон — Сербия муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Энди асосий вазифа — ушбу келишувларни изчил амалга ошириш, уларни аниқ иқтисодий ва ижтимоий натижалар билан тўлдириш.
Бунинг учун «йўл харитаси»да ҳар бир вазифа бўйича масъуллар, аниқ муддатлар ва натижадорлик мезонлари белгиланиши, ижро устидан тизимли назорат таъминланиши керак. Парламент эса ўз ваколатлари доирасида келишувларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларни амалга оширишга хизмат қиладиган қонунчилик механизмларини такомиллаштиришда фаол иштирок этади.
Мухтасар айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга ташрифи Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсати изчил давом этаётганини яна бир бор кўрсатди. Белградда бошланган янги стратегик шерикликнинг ҳақиқий самараси имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, янги иш ўринлари, инвестициялар, экспорт бозорлари, замонавий технологиялар ва инсонлар учун яратилган имкониятлар билан белгиланади.
Ҳилола ЮСУПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати.