Ўзбекистон ва Қозоғистон: стратегик шерикликни мустаҳкамлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилади
Душанбеда ўтказилган Марказий Осиё давлатларининг IV парламентлараро форуми доирасида Ўзбекстон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси Қурултойи Раиси Айбек Дадебай билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо, иқтисодиёт, транспорт-логистика соҳаларида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини парламентлар томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Парламентлараро ҳамкорликнинг институционал асосларини такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, қўшма парламентлараро комиссия ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш, 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, савдо-транспорт масалаларида ҳамкорликни кучайтириш, сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солиш ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳаларида тажриба алмашиш таклиф этилди.

Парламент қўмиталари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, давлат раҳбарлари келишувлари ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш, парламентлар аёл аъзолари ва ёш депутатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА