Ўзбекистон ва Польша иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Польша молия ва иқтисодиёт вазири Анджей Домански ўртасида учрашув ўтказилди.
Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳининг 2026 йилги баҳорги йиғилишлари доирасида ташкил этилган ушбу мулоқотда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ҳудудий ривожланиш соҳасида Польша тажрибасини ўрганиш ва уни самарали жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, марказлашувни камайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, саноат зоналари ҳамда иқтисодий кластерларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, инфратузилмага асосланган иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартириш борасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли шерикликни кучайтириш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, амалий натижаларга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суриш ва ўзаро алоқаларни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА