Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида янги тарихий босқич
Тарих синовларидан ўтиб, асрлар давомида бир-бирига елкадош бўлиб келган Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари бугун мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бир илдиздан сув ичган, тили ва маданияти туташ бўлган икки халқ бугун нафақат тарихий қардошликни, балки мустаҳкам стратегик иттифоқчиликни ҳам намоён этмоқда. Бу – оддий ҳамкорлик эмас, балки вақт синовидан ўтган чин дўстлик ва муштарак келажак тимсолидир.
Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур давридан тортиб, шарқона давлатчилик ва санъат ривожида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Боку, Ганжа, Шуша ўртасидаги адабий-маънавий кўприклар ҳеч қачон узилмаган. Низомий Ганжавийнинг бетакрор “Хамса”си Алишер Навоий даҳосини илҳомлантиргани, Навоийнинг гўзал ғазаллари Озарбайжон хонандалари ва муғом ижрочилари томонидан айтиб келингани тасодиф эмас. Маданиятларимиз ва урф-одатларимиз шу қадар сингишиб кетганки, инсонларимизнинг меҳмондўстлиги, оилавий қадриятлари, тили ва санъатга бўлган муҳаббати бир-бирининг такроридек туюлади.
Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди, атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ўзбек тарихи ва маданиятига бўлган юксак ҳурмати, икки давлат дўстлигига қўйган мустаҳкам пойдевори бугун янги ва юксак босқичда давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг очиқ мулоқотлари, юксак савиядаги давлат ташрифлари ҳамда самимий биродарликлари асосида икки мамлакат муносабатлари беқиёс суръатлар билан ривожланмоқда. Тошкентнинг марказий кўчаларида ва Янги Тошкент бағрида қад ростлаётган Низомий Ганжавий номидаги таълим муассасалари ва Озарбайжон боғлари, Боку ва дилрабо Шушада барпо этилаётган ўзбек маданияти ҳамда маориф масканлари бу абадий дўстликнинг нақш олмаган меъморий ифодасидир.

Икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ва Олий давлатлараро кенгаш қарорлари ортида шунчаки сиёсий келишувлар эмас, балки халқларимизнинг минг йиллик орзу-интилишлари, муштарак келажакни биргаликда барпо этишдек эзгу мақсадлари ётибди. Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистоннинг олий мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг эса Озарбайжоннинг энг юксак мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирлангани бу икки қардош халқнинг бир-бирига бўлган самимий эҳтироми ва эътирофининг яққол тасдиғи бўлди.
Муносабатларнинг амалий мазмуни эса ҳар томонлама кенгайиб бормоқда. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди ва яқин келажакда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энергетика, нефть-газ, кимё, кончилик, тўқимачилик, банклар ва уй-жой қурилиши бўйича қабул қилинаётган йирик кооперация лойиҳалари икки мамлакат иқтисодиётининг устунларини янада мустаҳкамламоқда. Маданият, туризм, таълим, адлия, пенсия таъминоти ва кинология соҳасидаги кўп қиррали шартномалар оддий одамлар ҳаётида, уларнинг фаровонлиги ва хавфсизлигида аниқ акс этмоқда.
Глобал логистика ва транспорт харитасида ҳам Ўзбекистон ва Озарбайжон жуда муҳим чорраҳани ташкил қилади. “Ўрта йўлак”ни биргаликда ривожлантириш, логистика самарадорлигини ошириш орқали икки мамлакат Осиё ва Европа ўртасидаги энг ишончли ҳамда жозибадор транзит кўпригига айланмоқда.
Шу билан бирга, маънавий-маданий соҳадаги ҳамкорликлар ҳам янги уфқларни очмоқда. Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг 20 минг талабага мўлжалланган муҳташам кампуси, ундаги маърифат маркази ҳамда Низомий Ганжавий музейи ёш авлодни муштарак маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Икки халқни янада яқинлаштириш йўлида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк” номли қўшма кинофильмнинг суратга олиниши ва 2027 йилда футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиш доирасидаги “Икки мамлакат – бир чемпионат” кенг кўламли дастури қардошликнинг ёрқин байрамига айланиши шубҳасиз.
Шунингдек, икки кунлик ташриф доирасида етакчиларнинг биргаликда Шарқнинг кўҳна ва суронли тарихидан сўйловчи Бухоро обидаларини – Сомонийлар мақбараси, Арк қалъаси, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуаларини зиёрат қилишларида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Бухоро – Буюк ипак йўлида нафақат савдо, балки ислом цивилизацияси ва илм-фаннинг энг йирик маркази бўлганини яна бир бор ёдга олиш, қардош Озарбайжон халқининг Марказий Осиё цивилизациясига бўлган чексиз эҳтиромидан далолат беради.
Умуман олганда, бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар оддий дипломатик алоқалар доирасидан аллақачон чиқиб бўлган. Бу – ягона тарих, ягона цивилизация, умумий тил ва эътиқодга асосланган стратегик иттифоқчиликдир. Бугун харитада икки Мустақил давлат турибди, аммо уларнинг юраги бир маромда уради, мақсадлари муштарак ва келажаги ягонадир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА