Ўзбекистон ва Нарва: шаҳарларни яқинлаштираётган дўстлик
Шаҳарлар ҳам одамлар каби бир-бирига яқинлашади. Аввалига мулоқот, кейин дўстлик, ундан сўнг эса биргаликдаги лойиҳалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўл очилади.
Бугун бу жараён Ўзбекистон ва Эстония шаҳарлари ўртасидаги муносабатларда ҳам янги мазмун касб этмоқда.
Биродар шаҳарлар альянси раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Эстония Республикасининг Нарва шаҳри мэрияси раҳбарияти билан учрашди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Эстония халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари ва Нарва шаҳри ўртасида биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Бундай мулоқотлар дипломатик муносабатларнинг маҳаллий даражадаги амалий кўриниши сифатида шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик имкониятларини очиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар ўзаро мулоқотни изчил давом эттириш, янги истиқболли йўналишларни белгилаш ҳамда амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА